Ссылки доступа

Қозоғистон ТИВ: Қозоғистон тинчликпарвар кучларини Арманистонга юбориш масаласи ҳали кун тартибида эмас


Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди Арманистонга Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) доирасида тинчликпарвар кучларни юбориш масаласи ҳозирча муҳокама қилинмаганини айтди.

Хусусан, унинг айтишича, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги чегара демаркация қилинмаган, шунинг учун “чегаранинг ҳар қандай бузилиши ҳақида гапириш қийин”. Шу билан бирга, Қозоғистон “ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёр” – мамлакат чегараларини белгилаш Россиядан ташқари барча давлатлар билан деярли якунланди.

Жаҳон ва анъанавий динлар қурултойи доирасида журналистлар билан суҳбатлашган Тлеубердининг сўзларига кўра, Қозоғистоннинг Россия билан чегарасини белгилаш яна “икки-уч йил”га чўзилиши мумкин.

Сешанба куни КХШТ Хавфсизлик Кенгаши Арманистон-Озарбайжон чегарасига КХШТ Бош котиби Станислав Зас бошчилигидаги миссияни жорий вазиятни баҳолаш ва юзага келган кескинликни юмшатиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун юборишни таклиф қилди.

КХШТ йиғилиши Арманистон-Озарбайжон можаросида иштирок этаётган томонлар ҳудудларни ўққа тутишда айблашлари ва ўнлаб аскарларнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар беришлари фонида Ереван ташаббуси билан ўтказилди.

“Биз объектив маълумот олишни хоҳлаймиз, чунки ҳар икки томондан турли маълумотлар келади. Шу боис давлат раҳбарлари КХШТ бош котиби воқеа жойига бориб, жойида тўлиқ кўриниш олиши керак, деган қарорга келди”, — деди Тлеуберди.

XS
SM
MD
LG