Ссылки доступа

Қирғизистон Бош прокуратураси энергетика тизимида 889 миллион сомлик зарарни аниқлади


Бош прокуратура томонидан Энергетика вазирлиги ва унинг идоравий тузилмалари фаолиятини текшириш давомида тизимли равишда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда назорат органи матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Энергетика вазирлигининг айрим ходимлари томонидан давлатга йирик миқдорда зарар етказилгани, прокуратура томонидан 132 та прокурорий жавоб далолатномаси киритилиб, давлатга 22 миллион 150 минг сомлик зарар қайтарилгани қайд этилган.

Шу билан бирга, Бош прокуратура маълумотларига кўра, Энергетика вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари мансабдор шахслари томонидан содир этилган жиноятлар юзасидан 32 та жиноят иши қўзғатилган. Аниқланган зарарнинг умумий миқдори 889 миллион 54 минг сомни ташкил этади.

Шунингдек, назорат органининг маълум қилишича, вазирлик марказий аппарати, «Нацэнергохолдинг» АЖ, «Қирғизтеплоэнерго» ДК ходимларига нисбатан иш ҳақи, саёҳат харажатлари, ёқилғи ресурсларини харид қилиш учун ноқонуний тўлов ва нафақалар тўлаш ҳолатлари бўйича 11 та жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, Энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев 2021 йилда Солиқ хизматига “кўчмас ва кўчар мулкнинг алоҳида бирликлари”ни акс эттирмасдан, ёлғон маълумотлар билан даромадлар декларациясини тақдим этгани, 2022 йилда эса декларация тақдим этмагани қайд этилган.

13 сентябрь куни Бош прокуратура энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаевга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Бош назорат органининг таъкидлашича, Энергетика вазирлиги раҳбари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бошқармада ишламаган шахсларни хизмат сафарига жўнатган, шунингдек, “ОЗОО Б”га 15 миллион сом миқдорида зарар етказган.

Дўсқул Бекмурзаевнинг ўзи жиноят ишларига изоҳ берар экан, бу уни «обрўсизлантириш»га уриниш эканини айтди.

XS
SM
MD
LG