Ссылки доступа

ШҲТга аъзо мамлакатлар лидерларининг аксарияти Самарқандга етиб келди


Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтказилажак 27-саммитига ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларидан ҳозиргача сўнгги бўлиб Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф етиб келган.

Ундан аввал Самарқандга РФ президенти Владимир Путин учиб келгани ҳақида хабар қилинган. Расмий маълумотга кўра, Россия президентини Самарқанд халқаро аэропортида бош вазир Абдулла Арипов кутиб олган.

Яна 15 сентябрь куни саммит жойига Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов етиб келгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, тез орада Самарқандга Қозоғистон, Туркия ва Беларусь президентлари ҳам учиб келишади, бироқ Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев қачон келиши ҳозирча аниқ эмас.

Аввалроқ Самарқандга 14 сентябрь куни Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Эрон президенти Иброҳим Раисий, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин келишгани ҳақида хабар берилган.

2001 йилда тузилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига шу кунда Ҳиндистон, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон тўлақонли аъзо, Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Озарбайжон, Арманистон, Камбожа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка эса ШҲТга ҳамкор давлатлар бўлиб ҳисобланади.

Пайшанба куни Самарқандда асосан олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.

ШҲТ саммитининг асосий тадбирларини эса 16 сентябрь куни ўтказиш режаланган.

XS
SM
MD
LG