Ссылки доступа

Қўстанай вилоятидаги ёнғинлар: ўрмон хўжалиги раҳбари ҳибсга олинди


13 сентябрь куни Қўстанай вилояти прокуратураси сентябрь ойи бошида ҳудудида йирик ёнғин содир бўлган Басаман ўрмон хўжалиги муассасаси раҳбариятига қарши терговга қадар текширув бошлади.

Шунингдек, Қўстанай вилоятининг Аулиекўл туман суди ўрмон хўжалиги директори Асхат Жакашевни ҳибсга олишга рухсат берди. 15 сентябрь куни у ҳибсга олинган, деб хабар беради маҳаллий ТоболИнфо нашри.

Прокуратура маълумотларига кўра, ҳозир Асхат Жакашев тергов изоляторида. “Иш Аулиекўл туманидаги Басаман ўрмон хўжалигида бошланган, кейин Семиозерний ўрмон хўжалигига ўтган катта ёнғин билан боғлиқ. Эслатиб ўтамиз, 43 минг гектардан ортиқ майдон ёниб кетган, 91 та уй зарар кўрган”, — дейилади вазирлик хабарида.

Прокуратура томонидан “Ёнғинга эҳтиётсизлик билан муносабатда бўлиш оғир оқибатларга олиб келган ва ўта йирик зарарга олиб келган”, “Ўрмонларни йўқ қилиш” ва “Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш, натижада икки кишининг ўлимига сабаб бўлган” моддалари бўйича терговга қадар тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ТоболИнфо шунингдек, аввалроқ Асхат Жакашев вилоятдаги ёнғинлар билан боғлиқ вазиятни шарҳлар экан, журналистларга “бу ёнғин хавфининг бешинчи тоифаси, шунинг учун ўша пайтда ҳеч ким ўрмонга чиқмаган”, деб айтган. Унинг сўзларига кўра, “ёнғин жуда ёш арчалар ўсган 30-31 майдонда содир бўлган”.

Жакашевнинг айтишича, ёнғин ҳақида хабар келиши билан ўрмон хўжалигининг барча ўт ўчириш машиналари воқеа жойига жўнаб кетган.

Сентябрь ойи бошида Қостанай вилоятидаги ёнғинлар ўн минглаб гектар ўрмонларни вайрон қилган, Аулиекўл туманидаги бир қанча қишлоқлар жабрланган эди. Икки мингга яқин одам томидан айрилган. Бир киши ҳалок бўлди, яна бири бедарак йўқолди. Расмийлар қишлоқ аҳолисига йўқотишларни қоплаш ва уй-жойларни тиклашга ваъда беришди. Аммо ёнғин қурбонлари учун қурилаётган янги уйлар аҳолига маъқул келмаяпти ва улар товон пули жуда кам, деб ҳисоблашмоқда.

XS
SM
MD
LG