Ссылки доступа

Путин Қирғизистон ва Тожикистон президентлари билан икки давлат чегарасидаги вазиятни муҳокама қилди


Садыр Жапаров и Владимир Путин
Садыр Жапаров и Владимир Путин

18 сентябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазиятни муҳокама қилган.

“Садир Жапаров Владимир Путинга ишларнинг ҳозирги аҳволи, қирғиз томондан ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони, тўқнашувлар натижасида Боткен вилоятининг чегарадош қишлоқларида фуқаролик ва ижтимоий инфратузилма объектларининг вайрон бўлгани ҳақида маълумот берди”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Россиянинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам Путин Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан чегарадаги вазиятни муҳокама қилгани ҳақида хабар берди.

“Путин томонларни янада кескинлашувнинг олдини олишга ва вазиятни имкон қадар тезроқ фақат тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш чораларини кўришга чақирди ҳамда Россия қирғиз-тожик чегарасида барқарорликни таъминлаш учун зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади”, - дея қайд этди элчихона.

БМТ Бош котиби, шунингдек, Тожикистон ва Қирғизистон раҳбарларини “узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш учун” музокарага киришишга чақирди. Антонио Гутерриш 17 сентябрь куни “Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада зўравонликлар кучайиб бораётганини чуқур хавотир билан кузатаётганини айтди. У инсонларнинг ҳалок бўлганидан чуқур қайғуради ва қурбонлар ва уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради”.

БМТ баёнотида, шунингдек, “томонларнинг илтимосига кўра, БМТ чегарадаги келишмовчиликларни бартараф этадиган “барқарор ечим” топишда ёрдам беришга тайёр”, дейилади.

Аввалроқ ҳар икки томон Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича вакилини музокара ўтказишга чақирган эди.

16 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги Боткен вилояти чегарасида яна бир йирик тўқнашув юз берди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирини айблади. Кун давомида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ҳақида бир неча бор хабар берилган, бироқ чегарада яна отишма давом этган. Боткен вилоятида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди.

17 сентябрь куни томонлар бир-бирини келишувларни бузганликда айблаб, чегарада ўқ узишни қайта бошлаганини эълон қилди. Бу сафар можаро Ўш вилоятининг Чўн-Олай туманида содир бўлган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можаро қурбонлари 59 киши бўлган, улар орасида тинч аҳоли ҳам бор. Қурбонлар сони 144 нафарга етди.

Якшанба куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 14 сентябрдан буён 32 киши ҳалок бўлганини, уларнинг аксарияти тинч аҳоли эканлигини маълум қилди. Аввалроқ Озоди радиоси ўз манбаларига таяниб, 14-16 сентябрь кунлари чегарадаги можаро оқибатида 39 нафар фуқаро ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Бошқа мустақил манбалардан маълумот тасдиқланиши ҳозирча имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG