“Вақтинчалик тақиқ Қозоғистоннинг чегарадош вилоятларидан аҳоли, коммунал ва ижтимоий объектлар учун мўлжалланган қаттиқ ёқилғини қайта сотиш учун қўшни давлатларга олиб чиқиш фактлари аниқлангани муносабати билан жорий қилинмоқда”, - дейилади Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги хабарида.
Аввалроқ Қозоғистон имкони борича кўмир экспортида Россияни (Европа Иттифоқининг Россия кўмирига бўлган эмбаргоси туфайли) ўрнини босиш режасини эълон қилган эди. Евростат маълумотларига кўра, Қозоғистон 2022 йилнинг январь-май ойларида Европа Иттифоқига 1,5 миллион тонна кўмир етказиб берган, бу 2021 йилга нисбатан икки баробар кўпдир. Кўмирни ҳатто фойдасиз йўл билан - автомобиль йўллари орқали экспорт қилишга уринишлар бўлган.
Шу билан бирга, куз-қиш мавсумида мамлакатнинг шимолий вилоятларида қозоғистонликлар совуқдан омон қолиш учун ўнлаб тонна кўмир сотиб олиш учун узун навбатларда туришади. 17 сентябрь куни маҳаллий ОАВ Петропавловск аҳолиси кўмир учун навбатлардан шикоят қилаётганини ёзган эди. Шимолий Қозоғистон вилоятида иситиш мавсуми расман 20 сентябрдан бошланиши режалаштирилгани, бироқ аҳолининг атиги 44 фоизи 17 сентябргача кўмир тайёрлашга муваффақ бўлгани хабар қилинганди. Расмийлар ёқилғи ҳамма учун етарли бўлишига ишонтирди.
Қозоғистонда аҳоли учун кўмир тақчиллиги 2017 йилдан бошлаб сўнгги беш йил давомида кузатилмоқда.