Ссылки доступа

Тожикистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарадаги можарода 41 киши ҳалок бўлганини даъво қилмоқда


Тожикистон ҳукумати яқинда тожик-қирғиз чегарасида рўй берган қуролли можаро оқибатида қурбон бўлганлар сонини расман эълон қилди.

“Қирғизистоннинг агрессив ҳаракатлари натижасида биз ҳозирда 41 киши ҳалок бўлганини тасдиқлашимиз мумкин”, деди Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имоми 19 сентябрь куни дипломатик корпус вакиллари билан ўтказилган брифингда. Расмий қанча тинч аҳоли ва қанча ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини айтмади.

Содиқ Имомининг фикрича, бу якуний кўрсаткич эмас. "Ярадорларнинг бир нечтасининг аҳволи оғирлигича қолмоқда - шифокорлар уларнинг ҳаёти учун курашмоқда", - дея қўшимча қилди дипломат.

Бир кун аввал Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги 14—17 сентябрдаги можаролар чоғида тожик-қирғиз чегарасида камида 30 нафар тинч аҳоли, жумладан, икки бола ва бир ҳомиладор аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Тожикистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарада можаро бошланганидан бери биринчи марта қурбонлар сонини расман эълон қилди. Аввалроқ, раҳбари парламент қуйи палатаси депутати бўлган Тожикистон Демократик партияси 60 киши ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди.

Эслатиб ўтамиз, 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида яна бир йирик тўқнашув содир бўлган эди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирини айблади. Аввалроқ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берилганди, бироқ 17 сентябрь куни томонлар бир-бирини келишувларни бузганликда айблаб, яна чегарада ўт очишни қайта бошлаганини эълон қилди. Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, можарода қирғиз томондан 59 киши қурбон бўлган, жароҳат олганлар сони 144 нафарга етган.

XS
SM
MD
LG