Ссылки доступа

Тожик асирлигидан тўрт нафар қирғиз аскари озод қилинди


Тожикистон асирликда бўлган тўрт нафар қирғиз аскарини озод қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, озод этилганлардан бири яраланган, қолган уч нафарининг аҳволи қониқарли. Ташиев таъкидлаганидек, улар касалхонага ётқизилади ва кўрикдан ўтказилади.

Шунингдек, Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг сўзларига кўра, Тожикистон Республикаси ҳудудидаги махсус хизматлар раҳбарлари иштирокида икки давлат комиссияларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Музокаралар натижаларига кўра, "барқарорлик ўрнатиш учун қадамлар ташланган". Қамчибек Ташиев бошқа тафсилотларни ошкор қилмади.

19 сентябрь ҳолатига кўра, Боткен вилоятида Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасидаги қуролли тўқнашув қурбонлари сони 59 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган, 164 нафари яраланган. Яраланганлар орасида 13 нафар бола ҳам бор.

Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имоми 19 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган брифингда 14-17 сентябрь кунлари бўлиб ўтган тўқнашувларда Тожикистон Республикасининг 41 фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди.

16 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги Боткен вилояти чегарасида яна бир йирик тўқнашув юз берди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирини айблади. Кун давомида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув ҳақида бир неча бор хабар берилган, бироқ чегарада яна отишма давом этган. 17 сентябрь куни чегаранинг яна бир қисмида – Ўш вилоятининг Чўн-Олай туманида ҳарбийлар ўртасида тўқнашув содир бўлди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги воқеани Тожикистон томонидан олдиндан режалаштирилган қуролли босқинчилик ҳаракати сифатида баҳолади. Қирғизистонга нисбатан худди шундай айбловлар Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги томнонидан ҳам янграган.

Қирғизистонда 19 сентябрь Боткен вилоятида ҳалок бўлганлар хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилинди.

XS
SM
MD
LG