Ссылки доступа

БДҲ Сўхдан йўлак очиб бергани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди


Қирғизистон Бирлашган демократик ҳаракати (БДҲ) Боткендан эвакуация қилинаётганларга Сўхдан йўлак очиб бергани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди.

“Бу йўлак орқали ўзбек мамлакати қирғиз фуқароларининг умри ва саломатлигини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшди. Бирлашган демократик ҳаракат Ўзбекистон халқига, президент Шавкат Мирзиёевга, ҳукуматга ва чегарачиларга катта миннатдорчилик билдиради”,-дейилади 19 сентябрь куни тарқатилган баёнотда.

16 сентябрда Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна отишмалар содир этилгани ортидан Боткен вилоятидан 140 мингга яқин киши эвакуация қилинган эди. Боткен-Холмиён-Қадамжой йўлида ўқ отилаётгани сабабли Ўзбекистон эвакуация қилинаётганларга Сўх анклави орқали йўлак берганди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, отишмада Қирғизистон томонидан 59 киши ҳалок бўлди, 163 киши жароҳатланди, камида 282 объект вайрон бўлди. Қирғизистонда 19 сентябрь мотам куни сифатида эълон қилинди.

Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқ Имоми 19 сентябрда ўтказилган матбуот анжуманида 14-17 сентябрь оралиғидаги отишмаларда 41 тожикистонлик ҳалок бўлганини айтди.

XS
SM
MD
LG