Ссылки доступа

ЕИ Қирғизистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирди


Kyrgyzstan - An action demanding an end to violence against children and women. Bishkek, July 8, 2022
Kyrgyzstan - An action demanding an end to violence against children and women. Bishkek, July 8, 2022

Бишкекда Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича йиллик мулоқотнинг 12-раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Қирғизистон Республикасидаги делегацияси хабар берди.

Таъкидланишича, томонлар “инсон ҳуқуқлари ва самарали бошқарув масалаларини очиқ ва батафсил муҳокама қилганлар”, Европа Иттифоқи эса “инсоннинг фундаментал ҳуқуқлари соҳасидаги умумий салбий тенденциядан, эркин ҳуқуқлар учун маконнинг торайиб бораётганидан хавотир билдирган".

“Европа Иттифоқи Жиноят кодексининг нафратга оид 330-моддасининг кенг тарқалган ва ўзбошимчалик билан қўлланилиши ва ёлғон маълумотларга нисбатан қонуннинг ижро этилишидан хавотир билдирди. Журналистлар, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг журналистик текшируви, фуқаролик ёки сиёсий иштироки ҳамда ҳукуматни танқид қилиш билан шуғулланувчи оммавий ахборот воситаларининг блокланиши ва таъқиб қилиниши Қирғизистоннинг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт бўйича олган мажбуриятларига зиддир. Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи бир қатор алоҳида ташвишли ҳолатларни, жумладан Болот Темиров ва Комил Рўзиевнинг ишларини кўтарди”, — деди Европа Иттифоқининг Қирғизистон Республикасидаги делегацияси.

Шунингдек, ўлим, қийноқлар ва ғайриинсоний муомалалар ҳақидаги хабарлар бўйича озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги сақлаш шароитлари юзасидан хавотир билдирилгани қайд этилган. Европа Иттифоқи таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг 2020 йил ёзида қамоқхонада ўлими ҳали тергов қилинмаганини эслатди.

Томонлар қийноқларнинг ҳеч қандай шаклига йўл қўймаслик масалаларини муҳокама қилдилар. Европа Иттифоқи Қирғизистоннинг болалар ҳуқуқлари ва ҳимоясини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлаб, болалар кодексининг тезроқ қабул қилинишига умид билдирди.

Шунингдек, ЕИ аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдиргани, жабрланганларни самарали қўллаб-қувватлаш, тўғри тергов ва адолатга эришишга чақиргани хабар қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистонда сўнгги ойларда вояга етмаганларга нисбатан бир неча зўравонлик ҳолатлари юзага келгани сабабли жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган эди. Сентябрь ойи бошида Ўш-Раззоқов трассасининг Нооғардон қишлоғида сел туннелидан 14 ёшли қизнинг жасади топилган эди. Ушбу воқеадан кейин мамлакат парламентида педофиллар учун ўлим жазосини жорий этиш чақириқлари янграган ва депутат Улан Бакасов болаларга жинсий зўравонлик қилганларга жарроҳлик кастрациясини жорий этиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққан.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда болаларга қарши жиноятлар бўйича 3034 та ҳолат қайд этилган бўлиб, улардан 500 таси жинсий зўравонлик билан боғлиқ.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йилда жинсий зўравонлик билан боғлиқ 604 та ҳолат қайд этилган, бироқ жиноят таркибининг йўқлиги сабабли 53 фоиз иш бўйича тергов тўхтатилган. Мажбурий никоҳга олиш мақсадида аёлларни ўғирлаш билан боғлиқ 254 та ҳолат қайд этилган бўлиб, уларнинг 84 фоизи ҳам жиноят таркиби йўқлиги сабабли тугатилган.

XS
SM
MD
LG