Ссылки доступа

Жапаров БМТ Бош котиби билан тожик-қирғиз чегарасидаги можарони муҳокама қилди


Президент Садир Жапаров Нью-Йоркда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Бу ҳақда БМТ маъмурияти хабар бермоқда.

Давлат раҳбари Тожикистондан “беғараз тажовуз” ва қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб ўққа тутилиши ҳақида гапирди.

“У 14, 15 ва 16 сентябрь кунлари тожик томони аввал эришилган барча келишувларни бузган ҳолда қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига ҳужум қилганини эслатди”, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Ўз навбатида Антониу Гутерриш Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашув натижасида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Қирғизистон халқига ҳамдардлик билдирди.

Аввалроқ Садир Жапаров БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясининг умумий муҳокамасидаги нутқида ўнлаб ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакилларининг ҳаётига зомин бўлган икки йирик чегара можаросини эсга олди. Унинг қўшимча қилишича, Қирғизистон томони Тожикистон томони билан музокара жараёнини “ҳар қандай форматда, халқаро меъёрлар асосида, қонуний цивилизация асосида” давом эттиришга тайёр.

14—17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлди. Тўқнашув натижасида 59 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқин қирғизистонлик яраланди. Ўққа тутилиши натижасида юзлаб объектлар - уйлар, ижтимоий муассасалар ва ҳарбий объектлар қисман ёки тўлиқ вайрон бўлди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Нашримиз ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда ўлган 59 нафар тожикистонлик рўйхатни эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлардаги дўкон ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди.

Тожик томондан ҳалок бўлган ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг ҳозирча имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG