Ссылки доступа

Жиззахлик йигитни “гей”ликда гумонлаб “самосуд” қилганларга 10 кун ўтиб жиноят иши очилди (видео)


Жиззахлик йигитни “гей”ликда гумонлаб “самосуд” қилганларга нисбатан орадан ўн кун ўтиб жиноят иши очилди.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизматининг расман билдиришича, “самосуд” қилганларга нисбатан 20 сентябрь куни Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 2-қисми “б, г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Жиззахда самосуд” сарлавҳали видео тарқалган эди. Видеода уч-тўрт киши бир йигитни ўртага олиб сўроқ қилаётгани, уни “гей”ликда айблаётгани ва кейин калтаклаганларини кўриш мумкин.

“Самосуд” чилар йигитни ўлдириш, далага кўмиб юбориш, Жиззах шаҳрига олиб бориб сазойи қилиш билан таҳдид этишган.

“Бор гап” расмий каналининг ёзишича, бу воқеа Жиззах вилояти Ш.Рашидов тумани “Қулама” МФЙда бўлгани айтилмоқда.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизмати эса воқеа сентябрь ойининг биринчи ўн кунлигида содир этилгани, 10 сентябрь куни фуқаро Т.З., Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилганини билдирди.

Расман билдирилишича, Т.З., ўз аризасида танишлари Э.О., И.Д., ва Н.Ш.,лар унинг муқаддам “ижтимоий тармоқ орқали юборган расмини ўзаро муҳокама қилиш учун чақириб, турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, уриб-тепиб, тан жароҳати етказганлиги ва ушбу жараённи видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга тарқатганлиги сабабли қонуний чора кўришни сўраган”.

Жиззах вилоят ИИБ матбуот хизмати жиноят иши нега орадан ўн кун ўтиб, видео ижтимоий тармоқларда тарқаб кетганидан сўнг очилгани юзасидан бирор тушунтириш бермади.

Ўзбекистонда “самосуд”лар тез-тез содир бўлиб турадиган воқеадир. Бундан аввал Жиззахда ўқувчи қизлар ҳижобли қизни самосуд қилгани тўғрисида ҳам видео тарқалган эди. Озодлик ўз вақтида бу каби “самосуд”лар тўғрисида қатор мақола ва хабарларни эълон қилган.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги оилавий зўравонлик ва “самосуд”лар ҳолатлари кўплигидан ташвиш билдириб келадилар.

XS
SM
MD
LG