Ссылки доступа

Тожикистонда Қирғизистон билан чегарадаги можаро қурбонларига ёрдам акцияси бошланди


Тожикистон яқинда тожик-қирғиз чегарасида рўй берган қуролли можарода ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзолари учун инсонпарварлик ёрдами йиғишни бошлади.

Одамлар жабрланган ватандошларига озиқ-овқат, кийим-кечак ва асосий эҳтиёжлар билан ёрдам беришлари мумкин. Расмийлар Қирғизистон билан чегарадаги тўқнашувлар натижасида чегара ҳудудлари аҳолисига етказилган зарарнинг дастлабки миқдорини ҳозирча ошкор этмаган.

20 сентябрь куни гуманитар юк ортилган автомашиналарнинг биринчи карвони Душанбедан Исфарага жўнаб кетди. Гуманитар ёрдам кўнгиллилар ва фуқаролик фаоллари томонидан йиғилади.

Украиналик Юлия Демо можародан жабр кўрган исфараликлар учун гуманитар ёрдам йиғиш кампанияси иштирокчиларидан бири. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин у Тожикистонга келган.

“Исфарадаги жабрдийдаларга ёрдам кераклигини билдим. Уйда қўшимча адёл ва ёстиқларим бор эди. Мен уларни хайрия йиғиш штабига топширдим, шундан сўнг кўнгиллилар сафига қўшилдим”, деди у 20 сентябрь куни Озоди радиосига берган интервьюсида.

Биринчи куни ўнлаб одамлар блогер Зарнигор Ҳусейнованинг Инстаграмда Қирғизистон билан чегарадаги можарода жабрланганларга ёрдам йиғишни бошлаш чақириғини қабул қилиб, уларга озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон, кўрпа-тўшак, ёстиқ ва бошқа зарур нарсаларни топширди. Блогернинг сўзларига кўра, акцияда ҳатто болалар ҳам иштирок этиб, Исфарадаги тенгдошлари учун кийим-кечак ва ўйинчоқлар олиб келишди.

Хўжандда кўнгиллилар ва хайрия ташкилотлари томонидан инсонпарварлик ёрдами учун бир нечта йиғиш пунктлари очилди. Ўнлаб одамлар жабрланганларга ёрдам бериш истагини билдирди.

Бироқ жабрланган чегара қишлоқлари аҳолисига ёрдам беришни Тожикистон расмийларининг вазифаси деб биладиганлар ҳам бор. Шу билан бирга, 20 сентябрь куни Сўғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода Бобожон Ғофуров туманида жабрланган аҳоли билан учрашиб, қуролли ҳужумлар натижасида одамларга етказилган зарарни аниқлаш бўйича махсус ёрдам штаб ва комиссия тузилганини маълум қилди.

Қирғизистон билан чегарадаги можаронинг дастлабки кунларида ўнлаб тожикистонликлар ярадорлар учун ихтиёрий равишда қон топширган. Расмийларга кўра, тўқнашувда ўнлаб одамлар жароҳатланган, улардан баъзиларининг аҳволи оғир.

Эслатиб ўтамиз, 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида яна бир йирик тўқнашув содир бўлган эди. Томонлар можаронинг бошланишида бир-бирини айблади. Аввалроқ ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар берилганди, бироқ 17 сентябрь куни томонлар бир-бирини келишувларни бузганликда айблаб, яна чегарада ўт очишни қайта бошлаганини эълон қилди. Тожикистон ҳукумати 41 киши ҳалок бўлганини расман тасдиқлади. Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қирғиз томондан 59 киши можаро қурбони бўлган.

XS
SM
MD
LG