Ссылки доступа

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни Украинадаги урушда қатнашмасликдан огоҳлантиради


Иллюстративное фото

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия Федерациясида вақтинча истиқомат қилувчи ва ишлаётган ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашганликлари учун жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди.

Бир кун аввал Москва мери Сергей Собянин Сахарова миграция марказида инфратузилма яратилиши, унинг ёрдамида Россияда яшовчи хорижликлар Россия армияси сафига қўшилиши мумкинлигини айтган эди.

Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси 22 сентябрь куни дипломатик ваколатхонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган баёнотда Тожикистон фуқароларини жиноий жавобгарликни эслатиб, хорижий давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликни сўрайди.

Қўшимча маълумот олиш учун элчихона ватандошларга Тожикистоннинг Екатеринбург, Новосибирск, Санкт-Петербург ва Уфа шаҳарларидаги элчихоналари ва консулликларига мурожаат қилишни тавсия қилади.

Бир кун аввал Москва мери Сергей Собянин 20 сентябрь куни Сахарова миграция маркази Россия фуқаролигини олмоқчи бўлган хорижликларни ҳарбий хизматга жалб қилишни бошлашини маълум қилганди. Унга кўра, Россия Қуролли кучларида хизмат қилиш учун бир йиллик шартнома тузган хорижликлар “узоқ кутмасдан ва бошқа бюрократик тўсиқларсиз” Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлади.

Москва мери эълон қилинишидан бироз олдин Россия Давлат Думаси Россия Федерацияси фуқаролигини олишни осонлаштирадиган тузатишларни қабул қилди. Ҳужжатга кўра, Россия армиясида хизмат қилиш учун бир йиллик шартнома тузган хорижликларга аввало яшаш учун рухсатнома олмасдан фуқаролик берилади. Амалдаги қонунчиликка кўра, Россия фуқаролигини олиш учун чет эл фуқароси шартнома бўйича камида уч йил хизмат қилиши керак.

Новосибирскда яшовчи тожик муҳожири Нажибуллонинг айтишича, унга маҳаллий ҳарбий комиссариятдан қўнғироқ қилиб, Россия армиясида хизмат қилишни хоҳлайсизми, деб сўрашган. “Улар менга бир неча марта қўнғироқ қилишди ва муносиб пул эвазига шартнома бўйича ҳарбий хизматни таклиф қилишди. Энди менга қўнғироқ қилмасликларини сўрадим, чунки мен кўп фарзандли отаман", – дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистон Жиноят кодексида мамлакат фуқароларининг хориждаги жанговар ҳаракатларда иштироки учун 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган. Илгари бир неча тожикистонлик Суриядаги жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Россия Федерациясидаги тожик муҳожирлари армияга мажбурий чақириш ва уларни Украинадаги урушга юбориш эҳтимолидан жиддий хавотирда. Вахш туманида яшовчи Анвар Кунушов Россия армиясида хизмат қилишдан бош тортса, расмийлар муҳожирлар учун янги муаммоларни келтириб чиқаришидан чўчимоқда. "Иш берувчилар менга Россия армиясида хизмат қилиш ҳақида бир неча бор ишора қилишди. Россия армиясида хизмат қилиш учун бир йиллик шартнома тузиш учун фуқароликни олиш, албатта, яхши, лекин Украинага урушга жўнатишимдан қўрқаман”, - дейди Анвар.

Бироқ, мигрантларнинг фикрича, фуқароликни олиш уларни полиция ўзбошимчаликларидан ва меҳнат патенти олиш заруратидан халос қилади. Бунинг учун айрим муҳожирлар Россия армиясида хизмат қилишга рози. Оиласи билан Россияда истиқомат қилаётган нафақадаги Худойдод Муборакшоевнинг айтишича, фарзандлари Россия фуқаролигини олгач, Россия армиясида хизмат қилади. “Нима бўлишидан қатъий назар, болалар армияда хизмат қилишга тайёр бўлиши керак. Россия армиясидаги шароит яхши”, - дейди у.

XS
SM
MD
LG