Ссылки доступа

Чеченистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши митинг ўтказишга уринишди


Чеченистон маркази бўлган Грозний шаҳрида 21 сентябрь куни ўнлаб аёл сафарбарликка қарши норозилик акцияси ўтказишга уринди. Уларнинг барчаси қўлга олинган. Воқеа Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировни ғазаблантиргани айтилмоқда.

Рухсат этилмаган митингга чиқишга чақириқлар 20 сентябрь куни – муҳтамал сафарбарликка оид миш-мишлар манзарасида ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган. “Медиазона” нашри блогер Иброҳим Янгулбоевга таянган ҳолда, “Чеченистон юраги” масжиди олдидаги майдон эрталабдан қуршаб олингани ва у ерга борган барча аёллар қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Воқеа гувоҳларидан бири “Кавказский узель” нашрига масжид олдида 30-40 чоғли аёл тўпланганини айтган. Уларнинг аксарияти чоршанба оқшомида озод қилинган, аммо айримлари ҳануз ҳибсда қолаётган бўлиши мумкин.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров акцияга қуйидагича муносабат билдирган:

“Баъзи кимсалар қисман сафарбарлик ўтказилишига қарши кўчаларга чиқиш кераклиги ҳақида ёзишяпти... Ким чиқадиган бўлса, у халқ душманидир. Унақаларни тутиб, махсус ҳарбий амалиёт бўлаётган жойга жўнатиш керак”.

Қодиров норозилик акциясига 15-20 чоғли аёл чиққани, улардан икки нафарининг ёлғиз ўғли Украинада жанг қилаётганини тан олган. Аммо қолганлар, Чеченистон раҳбари иддаосича, “пулга ёлланган аёллар”дир. Қодиров уларнинг эркак қариндошларини урушга юборишга чақирган.

Кавказ.Реалии лойиҳаси маълумотига кўра, 21 сентябрдаги митингни узоқ йиллардан бери маҳаллий расмийлар хатти-ҳаракатига қарши уюштирилган илк норозилик чиқиши дейиш мумкин.

XS
SM
MD
LG