Ссылки доступа

Зеленский россияликларни намойишларга чиқишга, қочишга ёки таслим бўлишга чақирди


Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг навбатдаги кечки мурожаатида Россияда эълон қилинган қисман сафарбарликка муносабат билдирди ва россияликларга мурожаат қилди.

Россияликларга мурожаат қилар экан Зеленский рус тилида гапирди. Украина президенти Россияда сафарбарликнинг эълон қилиниши “ўн йиллар давомида ўзгалар ерини босиб олишга ўргатилган армия барбод бўлганининг очиқдан очиқ белгисидир”, деб айтди. Зеленскийга кўра, бу билан уруш кўпчилик россияликлар учун энди телевидения ва интернетдан кўчиб, ҳар бир хонадонга кириб келди.

“Нима учун, масалан, доғистонликлар ёки яна кимлардир Харьковда ёки Донецкда ҳалок бўлиши керак? Чунки Россияда бир одам барча Россия фуқаролари номидан мана шундай қарор чиқарди. Бошқа сабаби йўқ. У шуни хоҳлайди. Сизлар украиналикларнинг ўлдирилиши ва қийноққа солинишига оид барча жиноятларга шериксиз. Чунки сиз индамадингиз. Чунки ҳозир ҳам индамаяпсиз. Энди ўз танловингизни қиладиган пайт келди”,- деди Зеленский.

Украина президенти сўзида давом этар экан: “Бу урушда ярим йил ичида 55 минг рус аскари ҳалок бўлди, ўн минглаб аскар яраланди. Янада кўпроқ бўлишини истайсизми? Йўқми? Унда норозилик билдиринг, курашинг, қочинг ёки украин кучларига таслим бўлинг. Бу сиз ҳаётингизни сақлаб қолишингиз учун зарур бўлган вариантлар”,-деди.

21 сентябрь куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина урушида жами 5937 рус ҳарбийси ҳалок бўлганини билдирган. Бу рақам ғарб давлатлари разведкаси берган маълумотлардан ва урушдаги талафотларни ўрганган мустақил тадқиқотчилар айтган рақамлардан ҳам озроқдир.

Томонларнинг талафотлар тўғрисидаги билдирувларини уруш шароитида мустақил манбалардан тасдиқлаш имконияти мавжуд эмас.

21 сентябрь куни эрталаб президент Путин “Украинадаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда” Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди. Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу армияга захирадаги 300 минг киши чақирилишини билдирди.

Шундан сўнг Россиянинг кўплаб шаҳарларида сафарбарликка қарши норозилик намойишлари ўтказилди. Намойишларда иштирок этганлардан 1,5 мингга яқини полиция томонидан ушланди.

Россиянинг қўшни давлатлар билан чегараларида автотиқинлар пайдо бўлди. Тиқинлар Қозоғистон, Грузия, Беларусь ва Финляндия билан чегараларда кузатилди. Шунингдек, Туркия, Арманистон, Озарбайжонга авиарейслар учун барча чипталар сотиб бўлингани айтилмоқда. Россияликлар военкоматга чақирув қоғози келмасдан туриб мамлакатни тарк этишга уринмоқда.

XS
SM
MD
LG