Ссылки доступа

Таниқли россияликлар сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш учун мукофотларини сотувга қўйди


Мукофотларини хайрияга топширганлар орасида Чўлпон Ҳаматова ҳам бор
Мукофотларини хайрияга топширганлар орасида Чўлпон Ҳаматова ҳам бор

Ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари Россия Жиноят кодексининг рус армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатиш моддаси асосида айбланиб таъқиб қилинаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия ким ошди савдоси ўтказилишини эълон қилди.

Онлайн режимда 26 сентябрь куни ўтказиладиган аукционда таниқли актёрлар, артистлар, ёзувчилар, мусиқачилар ва журналистларнинг мукофотлари сотилади.

Мазкур аукционда Чўлпон Ҳаматова, Борис Акунин, Лия Ахеджакова, Андрей Макаревич, Кирилл Серебренников, Катерина Гордеева каби ўнлаб Россия “юлдузлари” иштирок этишга розилик билдирган. Ким ошди савдосига уларнинг мукофотлари ва совринлари қўйилади.

Шунингдек, “Оскар” мукофотининг икки марта, “Олтин глобус” мукофотининг беш марта номинанти бўлган британиялик актёр Рэйф Файнс ҳам аукционга ўз мукофотларини топширади.

Бундан ташқари аукционга Борис Стругацкийнинг дастхати бор китоб ва Ирландиянинг U2 рок группаси раҳбари Боно томонидан чизилган Михаил Горбачёвнинг портрети ҳам қўйилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Кремль деярли ҳарбий цензура жорий этиб, ўзи “махсус амалиёт” деб атаётган уруш ҳақида ҳукумат позициясига тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатишни тақиқлаган эди.

Россия армиясини дискредитациялаш ва унинг ҳаракатлари тўғрисида фейк хабарлар тарқатганликда айбланиб, шу кунгача камида 200 кишига нисбатан жиноят ишлари очилди. Уларнинг айримлари 15 йилгача қамалиши мумкин.

XS
SM
MD
LG