Ссылки доступа

Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг айрим қисмларига камералар ўрнатади


Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати 25 сентябрь куни Қирғизистон МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов томонидан имзоланган баённоманинг айрим қўшимча бандлари ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, томонлар нафақат чегара қўшинларини алоҳида постларда олиб чиқишга келишиб олишган, балки кейинги ҳимояни “чегара бўйлаб кўрсатилган ва келишилган йўналишлар бўйича қатъий амал қиладиган” мобил чегара патруллари амалга оширишига ҳам қарор қилган.

Шунингдек, томонлар зиддиятли вазиятлар тез-тез содир бўладиган ҳудудларга видеокузатув камераларини ўрнатиш бўйича паритет асосда келишиб олдилар.

“Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари томонидан илгари фойдаланилган Тамдиқ (ҚР) – Бедак (ТР) ва Булоқ-Баши (ҚР) ва Кех (ТР) ер участкаларида қишлоқ хўжалиги ишларини амалга оширилишини таъминлаши керак. Қўшинлар ва оғир ҳарбий техникани, қўшимча куч ва воситаларни чегара ҳудудларидан доимий жойлаштириш жойларига олиб чиқиш бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг иши давом этади”, — дея таъкидлади Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати.

Бир кун аввал Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов билан протокол имзоланганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, келгусида можароларнинг олдини олиш мақсадида чегара постларини доимий равишда ўрнатишга қарор қилинган. Гап Қирғизистон томонидан «Тамдйқ», «Булоқ-Боши», «Катта-Туз» ва «Дача», Тожикистон томондан «Бедак», «Кеҳ», «Қаракчикум» ва «Шаршара» постлари ҳақида бормоқда.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 62 Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Ўққа тутилиши натижасида юзлаб объектлар - уйлар, ижтимоий муассасалар ва ҳарбий объектлар қисман ёки тўлиқ вайрон бўлди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG