Ссылки доступа

Жапаров Қирғизистон ерларини Тожикистонга бергани тўғрисидаги хабарни тарқатганларни чегараларни қўриқлашга юборишни топширди


Президент Садир Жапаров Мудофаа вазирлигига “Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон чегара постларини олиб ташлаб, ерларни бериб қўйгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатган барча фуқароларни захирадаги ротага сафарбар этиш” топшириғини берди.

Бу ҳақда президент матбуот котиби Ербол Султонбоев Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, “чегаралар делимитацияси ва демаркацияси тугагунига қадар қурол-яроғ бериш ва уларни заставаларда хизмат қилиш учун юбориш” топширилган.

“Бир метр ҳам ер берган бўлсак, ўша ердан исботлашсин. Ёлғон маълумот тарқатганлар шахсан ўзи ҳаммасини жойида назорат қилсин. Икки томон бир-бирига яқин жойлашган постларни олиб ташлади. Кичик сабабларга кўра доимий отишма бўлмоқда, бу баъзан катта тўқнашувларга олиб келади. Шу боис икки томон ҳам келишиб, шундай қарорга келишди. Ҳеч қандай пост очиқ эмас. Делимитация ва демаркация масалалари ҳал этилгунга қадар постлар ёпиқ қолади. Бу протокол вақтинчалик бўлиб, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарани делимитация ва демаркация қилиш жараёни тугагунига қадар амал қилади”, — дея таъкидлади Султонбоев.

Бир кун аввал Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов билан протокол имзоланганини маълум қилганди.

Кейинроқ МХХ чегара хизмати ҳам томонлар зиддиятли вазиятлар тез-тез содир бўладиган ҳудудларга видеокузатув камераларини ўрнатиш бўйича паритет асосда келишиб олгани ҳақида хабар берди.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 62 Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Ўққа тутилиши натижасида юзлаб объектлар - уйлар, ижтимоий муассасалар ва ҳарбий объектлар қисман ёки тўлиқ вайрон бўлди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG