Юқори мартабали амалдорнинг ҳибсга олингани ҳақида расмий маълумот йўқ. Озоди радиоси манбаларининг хабар беришича, Бобозода жуда катта миқдордаги фирибгарликда гумон қилинмоқда.
16 сентябрь куни ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан хабардор манба Шавкат Бобозода икки ҳафта олдин ҳибсга олинганини айтди. Мансабдор шахсга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 247-моддаси 4-қисми (“Алоҳида катта ҳажмдаги фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Экспорт агентлиги раҳбари катта миқдордаги жарима ёки мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 8 йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
"Шавкат Бобозода хориж компанияларидан бирининг аризаси асосида қўлга олинди. У ушбу компаниядан 300 минг доллар олган, бироқ шартнома шартларини бажармаганликда гумон қилинмоқда", — деди Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.
«Озоди» радиосига маълум бўлишича, Шавкат Бобозода ҳозир Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторида, Тожикистон Бош прокуратураси терговчилари эса мазкур иш бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.
Расмийлар юқори лавозимли амалдорнинг ҳибсга олинишига изоҳ бермаяпти, Шавкат Бобозодани лавозимидан озод этиш ҳақидаги ҳукумат қарори эълон қилинмаган.
60 ёшли Шавкат Бобозода 2019 йилдан буён Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Экспорт агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётганди. Бўлим бир йил аввал “маҳаллий товарлар ва хизматларни бошқа давлатлар бозорларида илгари суриш” мақсадида ташкил этилган.
Шавкат Бобозода 2013 йилнинг ноябридан 2019 йилнинг январигача мамлакат саноат ва янги технологиялар вазири лавозимида ишлаган. У Саноат вазирлиги раҳбари лавозимидан “бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан” деган ибора билан ишдан бўшатилди, бироқ Тожикистон президентининг матбуот хизмати истеъфога сабаб сифатида ишда аниқланган кўплаб камчиликлар бўлганини ёзди. Ҳукумат қарори билан Бобозода зудлик билан Экспорт агентлиги директори этиб тайинланди.