Ссылки доступа

Жалолобод университетининг сохта дипломига эга бўлган 82 нафар фуқаро аниқланди


Жалолобод давлат университетида прокуратура томонидан текширув ўтказилиб, 82 нафар битирувчи сохта ҳужжатлар ёрдамида диплом олгани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур фуқаролар бюджет гуруҳларини «Педагогика» ихтисослиги бўйича тамомлаб, Жалолобод вилоятидаги умумтаълим мактабларида 2-3 йил ишлаганлиги ҳақида сохта буйруқлар, ҳисоботлар ва меҳнат дафтарчалари нусхаларини тақдим этган. Шундан сўнг уларга университетни тамомлаганлик тўғрисидаги дипломлар топширилган.

“Жалолобод вилоятининг айрим туманларидаги мактаб директорлари томонидан сохта буйруқлар чиқариб, мактабда амалда ишламаган 82 нафар битирувчига меҳнат дафтарчалари юритилган. Натижада давлатга 8 миллион 581 минг 819 сом миқдорида зарар етказилди”, — дейилади прокуратура хабарида.

Мазкур ҳолатлар юзасидан назорат органи томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 337-моддаси (“Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг январь ойи охирида Президент Садир Жапаров барча даражадаги давлат хизматчиларининг таълим тўғрисидаги дипломлари ва хорижий давлат фуқаролигининг ҳақиқийлигини текшириш бўйича топшириқ бергани хабар қилинган эди. Шундан сўнг МХХ бу жараён уч ой давом этишини маълум қилди. Бунгача Ўрозай Нарматованинг депутатлик мандатидан маҳрум этилишига сохта дипломга эга бўлиш айблари сабаб бўлган эди.

Апрель ойида МСК Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси депутатлар Фархат Исмоилов (“Ата-Журт Қирғизистон” фракциясидан) ва Фарходбек Алимжонов («Альянс»)ни сохта дипломларда гумон қилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ иккала парламентар ҳам бу маълумотни рад этди.

XS
SM
MD
LG