Ссылки доступа

Боткенда маҳаллий аҳолининг чегара масаласидаги акцияси иккинчи кундирки давом этмоқда


Боткен шаҳрида 28 сентябрь куни маҳаллий аҳоли қирғиз-тожик чегараси масаласида ўз акцияларини давом эттирмоқда.

«Озодлик» мухбирининг хабар беришича, драма театри биноси ёнида 100 дан ортиқ одам йиғилган. Уларнинг ҳукумат вакиллари билан учрашуви кутилмоқда.

Бир кун аввал, 27 сентябрь куни вилоят ҳокимлиги биноси ёнида тўпланган одамлар чегара бўйича қабул қилинган сўнгги қарорларга ойдинлик киритилишини талаб қилишди. Акцияда чегарадош Оқ-Сай ва Самарқанд қишлоқлари аҳолиси ҳам қатнашиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев билан учрашишни талаб қилишди.

25 сентябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Саймўмин Ятимов билан протокол имзоланганини маълум қилди.

Жогорку Кенеш депутатлари Қирғизистон ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раислари имзолаган баённомаларни ўрганиш бўйича комиссия тузиши керак. Бу ҳақда депутат Султонбай Айжигитов парламент йиғилишида маълум қилди.

Унга кўра, 39 ва 42-сонли баённомалар босим остида имзоланган ва улар бекор қилиниши лозим. “39 ва 42-протоколлар босим ва ҳарбий тажовуз таҳдиди остида имзоланган. Имзоланган протоколлар асосида улар [Тожикистон томони] провокациялар уюштирмоқда. Имзоланган ҳужжатларни ўрганиш, комиссия тузиш ва унинг натижаларига кўра уларни бутунлай бекор қилиш керак. Ҳа, улар имзоланган, аммо керакли тартиб ҳали ўтказилмаган. Шунингдек, улар ҳали ратификация қилингани йўқ”, — деди Айжигитов.

Парламент аъзоси имзоланган протоколлар доирасида Боткен вилоятидаги чегара постларини сақлаб қолиш минтақанинг ярми анклавга айланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

“Ворух анклавида стратегик объектлар мавжуд. Анклав ва Тожикистоннинг асосий ҳудуди ўртасидаги қисм жуда муҳимдир. Агар биз улар устидан назоратни йўқотсак, Боткен вилоятининг ярми анклавга айланади. Бу ҳудудни иккита чегара пости қўриқлаган, бироқ уларни олиб ташлашга қарор қилишган”, — деди депутат.

Президент Садир Жапаров мазкур қарор юзасидан билдирилган танқидларга жавобан Мудофаа вазирлигига “ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот ва қурол-яроғ тарқатаётган барча фуқароларни заҳирадаги ротага тўплаш ва чегараларни делимитация ва демаркация қилиш тугагунига қадар заставаларда хизмат қилишга жўнатишни топширди.”

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Ўққа тутилиши натижасида юзлаб объектлар - уйлар, ижтимоий муассасалар ва ҳарбий объектлар қисман ёки тўлиқ вайрон бўлди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG