РБК Давлат думаси ва Москва мэриясидаги манбаларига таянган ҳолда, 30 сентябрда пойтахт марказида ҳокимият Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш борасида халқаро ҳамжамият тан олмаган “референдум”лар натижаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган митинг ўтказишини хабар қилди. ТАСС митинг Қизил майдонда ўтишини ва унда президент Владимир Путин иштирок этишини ёзди.
Аввалроқ РИА Новости ўз манбаларига таянган ҳолда 30 сентябрда Путин Давлат думасида Украинанинг тўрт вилоятини аннекция қилинганини эълон этиши кутилаётганини хабар қилганди. Кремль ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.
Озодлик радиоси рус хизматининг ёзишича, ўзларини ДХР ва ЛХР деб номлаб олган айирмачи ҳудудлар раҳбарлари ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларга тайинланган оккупацион ҳукумат вакиллари 28 сентябрь куни Москвага етиб келишган.
Озодлик радиоси рус хизматининг билдиришича Россия Давлат думаси 3 октябрда навбатдан ташқари пленар йиғилиш ўтказади ва унда Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олиш, яъни аннекция қилиш масаласи кўриб чиқилиши кутилмоқда. Украина, АҚШ, Европа Иттифоқи ва қатор давлатлар аннекцияни тан олмасликларини эълон қилди.
23-27 сентябрь кунлари ўзини ЛХР, ДХР деб номлаб олган айирмачи ҳудудларда ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган ҳудудларида халқаро ҳамжамият “сохта” деб эътироф этган “референдум”лар ўтказилган эди. Босиб олинган ҳудудларга Москва томонидан тайинланган маъмурлар “овоз берганларнинг асосий қисми Россияга қўшилишга розилик бергани”ни иддао қилган.
Москва марказида 30 сентябрь куни қатор кўчалар ва Кремль атрофидаги ҳудудлар ҳаракат учун вақтинча ёпилади. Бу ҳақда хабар берган Москва транспорт департаменти кўчаларнинг ёпилиши сабабларини айтмаган.