Ссылки доступа

Қирғизистон таълим вазири икки кунга Бишкек ИИБнинг вақтинчалик ҳибсхонасига жойлаштирилди


Қирғизистон Республикаси таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев 48 соатга Бишкек ички ишлар бош бошқармасининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Бу ҳақдаги маълумотни Озодликка Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тасдиқлади.

Департаментнинг аниқлик киритишича, белгиланган вақтдан кейин суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаши керак.

Бир кун аввал Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати Таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди.

Полиция хабарида айтилишича, Бейшеналиев хорижлик талабаларни маҳаллий олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш чоғида жуда катта миқдорда пора ундириш билан боғлиқ иш бўйича тергов доирасида қўлга олинган. Таъкидланишича, гап 110 минг доллар миқдорида кетмоқда.

Алмазбек Бейшеналиев 2022 йил февралида таълим вазири этиб тайинланган эди.

Вазирнинг ҳимояси унга қўйилган айбловларга ҳозирча изоҳ бермади.

XS
SM
MD
LG