Ссылки доступа

Боткен вилоятидан эвакуация қилинган 123 мингдан ортиқ аҳоли уйларига қайтди


Бугунги кунга қадар Боткен вилоятидан эвакуация қилинган 136 минг 770 нафар аҳолидан 123 минг 345 нафари уйига қайтган. Бу ҳақда 30 сентябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, охирги кунларда Бишкекка эвакуация қилинган 1645 нафар фуқаро ҳам Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган микроавтобусларда Боткен вилоятига қайтиб келган.

Агентлик маълумотларига кўра, уй-жойсиз қолганлар учун вақтинчалик уй-жой – 8 та муассасада 64 та хона ва 218 та маҳаллий аҳоли хонадонлари ташкил этилган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аниқлик киритишича, қуролли тўқнашувлар натижасида вайрон бўлган 630 та уйдан 425 таси яшаш учун яроқсиз, 205 таси эса таъмирлашга муҳтож. Шунингдек, 11 та маъмурий-стратегик объект, 28 та ижтимоий объект (12 та мактаб, 12 та болалар боғчаси), 336 та хўжалик хоналари, 197 та маиший объектлар, 1 та йўл кўприги, 61 та автомашиналар вайрон бўлган.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйлардаги қурбонлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG