Ссылки доступа

Туркманистон 29 миллион еврога киберхавфсизлик учун махсус ускуналар сотиб олиш бўйича шартнома имзолади


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Интернет ва сўз эркинлигини кескин чеклагани учун танқид қилинган Туркманистон расмийлари мамлакат киберхавфсизлик хизматига 29,4 миллион евролик махсус жиҳозларга буюртма берди.

Маълумотларга кўра, ҳужжатлар Туркманистоннинг собиқ президенти томонидан имзоланган.

2021 йил 18 апрелдаги, гўёки ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан имзоланган фармон “Туркменарагатнашык” давлат агентлиги қошидаги Киберхавфсизлик хизматига Руминиянинг “NTT DATA Romania S.A” компанияси билан махсус жиҳозлар, дастурий таъминотлар етказиб бериш ва ўрнатиш бўйича шартнома тузиш ҳуқуқини беради. Ускуналар ва хизматлар нархи, шартномага кўра, ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда, 29,401,506 еврони ташкил қилади.

Ҳужжатларда асбоб-ускуналар ва хизматлар қандай мақсадларда мўлжалланганлиги аниқланмаган. Аммо Туркманистон расмийлари интернетни қаттиқ назорат қилиш, мустақил оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларга киришни чеклаш ва VPN хизматларини блоклаш билан машҳур.

Туркманистонда интернет қаттиқ назорат остида. Мамлакатда Интернет хизматлари давлатга тегишли ягона провайдер томонидан тақдим этилади. Азатлйк хабарига кўра, «Туркментелеком» давлат компанияси доимий равишда техник базасини янгилаб, фойдаланувчиларни назорат қилиш ва интернет ресурсларига киришни чеклаш учун янги ускуналар харид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида ўша пайтдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакат Миллий хавфсизлик вазирлиги раҳбариятига интернетдаги ахборот манбалари устидан назоратни кучайтиришни буюрган эди. Шундан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб Интернет алоқалари сезиларли даражада ёмонлашди.

VPN хизматлари мустақил маълумотларга кириш учун блокларни четлаб ўтишнинг ягона йўли. Шу билан бирга, сўнгги бир неча ой ичида хавфсизлик агентликлари VPN хизматларидан фойдаланишга қарши курашни кучайтирдилар, жумладан, мобил телефонларга бундай дастурларни ўрнатиш бўйича хизматлар кўрсатувчи усталарни таъқиб қилишди.

Туркманистон дунёдаги энг секин ва энг қиммат интернетга эга эканлиги билан машҳур.

XS
SM
MD
LG