Ссылки доступа

Қирғизистоннинг РФдаги элчихонаси Қирғизистондан мигрантлар сафарбар этилгани ҳақидаги маълумотни рад этди


Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ижтимоий тармоқларда Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча бўлган чет эл фуқароларини сафарбар қилиш ҳақидаги маълумотларнинг тарқалишига изоҳ берди.

Элчихона Россия Ички ишлар вазирлиги 1 ноябргача Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини миграция органларига сафарбарликка чақириш механизмини жорий қилиши кераклиги ҳақидаги ҳужжатни фейк, деб эълон қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган сохта буйруқда айтилишича, агар муҳожирлар рад жавобини берса, уларнинг ишлаш рухсатномалари бекор қилинади ва 5 йилга Россияга кириши тақиқланади.

“Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Элчихона Қирғизистон халқидан тасдиқланмаган маълумотларга ишонмаслик ва тарқатмасликни яна бир бор илтимос қилади”, — дейилади элчихона хабарида.

21 сентябрь куни Россияда Президент Владимир Путин Россияда сафарбарлик эълон қилди. Бу Украинада ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш зарурати билан изоҳланган. Бунгача меҳнат муҳожирларини Россия Федерацияси Қуролли кучлари сафларига жалб қилиш мақсадида Россия фуқаролигини олиш шартлари соддалаштирилган эди.

Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси қирғиз халқига хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганлик учун жиноий жавобгарликни эслатиб, Қирғизистон Республикаси фуқароларидан чақирув қоғози олган тақдирда, дипломатик ваколатхонага мурожаат қилишни сўради.

Охирги расмий маълумотларга кўра, 1 миллион 118 минг қирғизистонлик хорижда вақтинча яшаб, меҳнат қилмоқда. Уларнинг Россия Федерациясидаги асосий қисми 1 миллион 63 минг кишини ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG