Ссылки доступа

Журналист Абдулло Гурбатининг рафиқаси Имомали Раҳмонга хат ёзди


Давлат айбловчиси 8 йиллик қамоқ жазосини талаб қилган журналист Абдулло Гурбатининг рафиқаси Муборак Қосим Тожикистон президенти Имомали Раҳмонга турмуш ўртоғини озод қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Абдулло Гурбатий тўрт ой олдин милиция ходимига зўравонлик қўллаганлик va экстремистик жамиятда иштирок этганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Журналистнинг рафиқаси Муборак Қосим 30 сентябрь куни Facebookдаги саҳифасида эълон қилинган Имомали Раҳмонга йўллаган мактубида унинг эри ҳеч қачон тақиқланган Ислом Уйғониш партияси аъзоси бўлмагани va ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳақорат қилиш ва калтаклашда иштирок этмаганини ёзади.

“Асосий шикоят унинг Facebookдаги баъзи постлари билан боғлиқ бўлиб, у ҳис-туйғулар билан ёзган ва мухолифат гуруҳларини қўллаб-қувватлашга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳамма хато қилади, лекин уларни кечириш мумкин. Албатта, ватанга хиёнат кечирилмайди, лекин Абдуллахон ҳеч қачон давлатга, миллатга хиёнат қилмаган”, деб ёзади Муборак Қосим.

Абдулло Гурбатий шу йилнинг июнь ойида ҳамкасби Далер Имомали билан бирга ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинишидан олдин улар YouTubeда ўткир ижтимоий муаммолар ҳақида видеорепортажлар тайёрлаб, эълон қилишган. Журналист ташкилотлари уларнинг ҳибсга олинишига айнан шу сабаб бўлганини таъкидламоқда. Яқин кунларда Абдулло Гурбатийга нисбатан ҳукм чиқарилиши кутилмоқда.

Муборак Қосим Имомали Раҳмондан эрининг ишига аралашиб, озодликка чиқишига ёрдам беришни сўради.

Мамлакат президенти Имомали Раҳмон, унинг қизи президент аппарати раҳбари Озода Раҳмон ва Тожикистон парламенти юқори палатаси спикери Душанбе шаҳри раиси ўғли Рустам Имомали номига мурожаат мактублари ёзиш амалиёти мамлакат аҳолиси орасида жуда кенг тарқалган.

Мутахассисларнинг фикрича, фуқаролар кўпинча Имомали Раҳмон ва унинг яқинлари билан бевосита боғланиб, ўз муаммоларини ҳал қилишга уринади, чунки Тожикистонда ҳукуматнинг бошқа тармоқлари, жумладан, суд тизими мустақил эмас ва ҳукмларнинг аксарияти мансабдор шахслар қарорига асосланади. Жуда кам ҳолларда Имомали Раҳмон бундай мурожаат хатлари бўйича ёрдам кўрсатган.

XS
SM
MD
LG