Ссылки доступа

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида содир бўлган воқеалар натижасида вайрон бўлган 160 та уй бузилди


Боткен вилоятида Тожикистон билан чегарадаги қуролли тўқнашувлардан сўнг тиклаш ишлари давом этмоқда. 3 октябрь ҳолатига кўра, вайрон бўлган 160 та уй бузиб ташланган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, комиссия томонидан 640 та вайрон бўлган уй-жой ўрнатилган бўлиб, улардан 423 таси таъмирланмайди, 217 таси таъмирга муҳтож. Ҳозиргача вайрон бўлган 160 та уй бузиб ташланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, шунингдек, 11 та маъмурий-стратегик объект, 27 та ижтимоий объект, 335 та хўжалик хоналари, 197 та коммунал объектлар, 1 та йўл кўприги, 61 та автомашина вайрон бўлган.

Айни пайтда Боткен вилоятидан эвакуация қилинган 136 минг 770 нафар аҳолидан 125 минг нафари уйларига қайтган. Қайд этилишича, уй-жойсиз қолганлар учун вақтинчалик уй-жой — 8 та муассасада 64 та хона ва 218 та маҳаллий аҳоли хонадонлари ташкил этилган.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG