Ссылки доступа

Украинадаги уруш: тожикистонлик муҳожирлар вайрон қилинган Мариуполни тиклаш учун юборилди (видео)


Таджикские мигранты в Мариуполе
Таджикские мигранты в Мариуполе

Россия қурилиш компаниялари тожикистонлик муҳожирларнинг катта гуруҳини босиб олинган Мариуполни тиклаш учун юборди. Украина шарқидаги саноат маркази Мариупол шу йилнинг май ойида Россия қўшинлари назоратига ўтган эди.

30 ёшли Қурбон Шарифов август ойининг охиридан бери Мариуполда ишлаб келмоқда. Уни вайрон бўлган шаҳарга Москванинг «Реставрация» қурилиш компанияси жўнатган. Унинг сўзларига кўра, ишнинг биринчи ойи учун қурувчилар ҳар бирига 130 минг рублдан (2350 доллар) кўпроқ маош олишган, бу Москвада олганидан икки баравар кўп. Аммо келажакда уларга бундай маош тўланадими ёки йўқми билмайди.

“Бу ерда биз вайрон бўлган турар-жой биноларини тиклаймиз, деразаларни алмаштирамиз, томни янгилаймиз. Вақтинчалик уй-жой ва уч маҳал овқат билан таъминландик”, деди муҳожир 3 октябрь куни Озоди радиосига.

Мариупол - Донецк вилоятининг саноат маркази ва Азов денгизидаги энг йирик халқаро савдо порти. Шаҳар учун жанглар 2022 йил 25 февралда, Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланган куннинг эртасига бошланган. Март ойининг охирига келиб, бир неча ҳафталик тинимсиз ўқ отишдан сўнг, Мариупол вайроналарга айланди.

Охирги бир неча ой ичида Россия қурилиш компаниялари шаҳарни қайта қуриш учун ишчилар ёллашни бошлади. Улардан баъзилари ишчиларга ойига 250 000 рублгача, вақтинчалик уй-жой ва кунига уч марта овқатланишни ваъда қилишди. Бироқ, баъзи муҳожирлар таклифни рад этишди.

Мариуполга ишлаш учун юборилган тожикистонлик муҳожирларнинг аниқ сони номаълум. Суҳбатдошимиз Қурбон Шарифовга кўра, «Реставрация» қурилиш компаниясининг ўзи Мариуполга 110 кишини ишга жўнатган, уларнинг аксарияти Тожикистондан келган муҳожирлардир. Унинг сўзларига кўра, бошқа компаниялар ҳам вайрон бўлган Мариуполни тиклаш ишларига меҳнат муҳожирларини жалб қилмоқда. Озоди радиоси ўқувчилардан Мариуполда реставрация ишлари олиб борилаётган 60 га яқин муҳожир акс этган суратларни олди.

Тожикистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россия расмийларидан Мариуполни қайта тиклаш учун тожикистонликларни жўнатиш тўғрисида расмий хабар олмаганини айтди. “Бу ҳақда бизга баъзи ҳамюртларимиз қўнғироқ қилишди, биз уларга хавфли ҳудудларга бормасликни маслаҳат бердик”, деди дипломатик миссия ходимларидан бири.

Озоди радиосига маълум бўлишича, Тожикистоннинг айрим фуқаролари – кичик қурилиш компаниялари эгалари ҳам бу шаҳарни қайта қуриш учун муҳожирларни жўнатишмоқда. Улардан бири ўз исмини ва фирмаси номини айтишдан бош тортиб, Мариуполга 30 минг қурилиш ишчисини жўнатиш бўйича ариза олганини айтди.

“Кеча биз бир гуруҳ ишчиларни автобусда юбордик. Улар бугундан иш бошлашди. Ишчиларимиз асосан Тожикистон ва Ўзбекистондан келган муҳожирлар”, - дея қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

XS
SM
MD
LG