Ссылки доступа

Қирғизистон парламенти чегара ҳудудида яшовчиларга ихтиёрий сафарбарлик ва қурол-яроғ беришга рухсат беришни таклиф қилмоқда


Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитаси аъзолари 3 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда “алоҳида ҳолларда” Боткен ва Ўш вилоятларининг чегарадош вилоятлари аҳолисига қурол беришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Депутат Марлен Маматалиев Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг кўтарилган айрим депутатлар ташаббусларини ягона ҳужжатда бирлаштиришга қарор қилинганини айтди.

“Боткен вилоятидаги воқеалардан кейин маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашдик, улар ихтиёрий равишда сафарбар бўлиш имкониятини беришни, ёш чекловларини олиб ташлашни сўрамоқда. Овчилик билан шуғулланувчи, ҳарбий тайёргарликдан ўтган фуқаролар бор. Биз, шунингдек, қурол тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қиламиз, шунда баъзи ҳолларда, тажрибасиз, бу ҳудудларда яшовчиларга қурол берилиши мумкин бўлади. Лекин бу дарҳол ҳаммага қурол берилади, дегани эмас, тартиб ИИВ томонидан белгиланиши керак, улар шунчаки қурол-яроғни ҳаммага бериб қўйишмайди”, — деди Маматалиев.

Муҳокамалардан сўнг қўмита аъзолари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Аввалроқ чегарадаги можародан кейин Жогорку Кенеш депутати Улан Бакасов чегара ҳудудлари аҳолисига қурол-яроғ беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиққани маълум бўлган эди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

2021 йилнинг май ойида Жогорку Кенешнинг бир гуруҳ депутатлари ҳам шундай ташаббус билан чиқди ва бундай ўзгаришлар мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовузнинг олдини олиш ва чегараларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблаган эди. Ушбу қонун лойиҳаси 2021 йил апрель ойида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 36 нафар Қирғизистон ва 19 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган навбатдаги можародан кейин ишлаб чиқилган. Аммо қоида қабул қилинмади.

14-17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли тўқнашув бўлиб ўтди. Можаролар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 га яқини яраланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 140 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. Озоди радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 74 нафар ҳалок бўлган тожикистонликлар рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйларда қурбон бўлганлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

XS
SM
MD
LG