Ссылки доступа

Қирғизистонда 13 ёшли қизни зўрлаш иши бўйича яна бир айбланувчи 8 йилга озодликдан маҳрум этилди


Бишкекнинг Первомайский туман суди 13 ёшли қизни зўрлаш иши бўйича тўртинчи айбланувчини 8 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Шунингдек, судья барча тўрт судланувчини маънавий товон сифатида жабрланувчига 100 минг сомдан (тахминан 1200 доллар) тўлашни буюрди. Давлат айблови ушбу иш бўйича айбланувчиларни 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Қайд этилишича, бу иш бўйича суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Август ойи охирида суд Ленинский тумани ИИБнинг вояга этмаганлар ишлари бўлимининг 39 ёшли инспектори Д. К.ни 15 йилга, Свердловск туман ИИБ 34 ёшли округ полицияси ходими А. Э.ни 15 йилга озодликдан маҳрум қилди Улар вояга етмаган қизни зўрлашда ҳам айбдор деб топилди.

Аввалроқ Азаттйк 13 ёшли қизни зўрлашда тўрт эркак гумон қилинганини, улардан иккитаси полициячи эканини хабар қилган. Бу воқеа кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Фаоллар ички ишлар вазирининг истеъфосини талаб қилиб митинг ўтказган, инқироз марказлари эса президентни чора кўришга, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақирган.

Ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков иштирокидаги матбуот анжуманида 13 ёшли қизнинг зўрланиши бўйича Бишкек шаҳрининг Свердловск туман ички ишлар бошқармаси бошлиғининг икки ўринбосарига танбеҳ берилгани маълум бўлди. Шу билан бирга, Ниёзбеков гумон қилинаётган милиция ходимлари жиноятни иш вақтидан ташқари содир этганини қайд этди. Ва ўша ўринда ҳар бир ходим ишга қабул қилинишидан олдин психологик тестдан ўтишини таъкидлаб, суд ҳукми чиққанидан кейин гумонланувчилар ҳақида тўлиқ маълумот беришга ваъда берди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилда болаларга нисбатан 3034 та жиноят содир этилган бўлиб, улардан 500 таси жинсий зўравонлик билан боғлиқ.

XS
SM
MD
LG