Ссылки доступа

Путин Рамзан Қодировнинг туғилган кунига генерал-полковник унвонини совға қилди


Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг туғилган кунида Россия президенти унга генерал-полковник унвонини берганини билдирди. 5 октябрда Рамзан Қодиров 46 ёшга тўлди. Қодиров ярим йил аввал, яъни 28 мартда генерал-лейтенант унвонини олганди.

Қодиров навбатдаги ҳарбий унвонга эга бўлгани тўғрисида телеграм каналида ёзди. Унга кўра, Путиннинг шахсан ўзи телефон қилиб, уни янги унвон билан табриклаган ва бу борадаги президент фармони 709- сон остида эканини айтган.

Кремль расмий сайтида Қодировнинг ҳарбий унвони оширилгани тўғрисидаги фармон эълон қилинмаган. Қодировга генерал-лейтенант унвони берилганида ҳам фармон эълон қилинмаганди.

Рамзан Қодировга 2004 йилда Россия қаҳрамони унвони берилган эди. У биринчи генераллик унвони - генерал-майорга 2009 йилда эришган эди.

Совет Иттифоқи тарқаганидан сўнг Қодиров генерал унвонига сазовор бўлган учинчи чечендир. Бундан аввал Чеченистон мустақиллиги учун кураш лидери Жоҳар Дудаев (1989 йилда) ва Чеченистоннинг 1995-1996 йиллардаги ҳарбий комиссари Ибрагим Сулейманов генерал-майор унвонига эга бўлган.

XS
SM
MD
LG