Ссылки доступа

Садир Жапаров: Чегарадаги баҳсли участкаларнинг 99 фоизи Қирғизистон фойдасига ҳал бўлди


Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига берган навбатдаги интервьюсида давлат чегараларини аниқлаштириш бўйича музокаралар натижалари ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, баҳсли ҳудудларнинг 99 фоизи Қирғизистон фойдасига ҳал қилинган.

“Аввал аниқлаштириш жараёнида баҳсли бўлган барча ҳудудлар ҳозир Қирғизистонга ўтказилди. Қишлоқдаги ерми, тоғми, далами, 99 фоизи бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Бунга эришиш учун жуда кўп музокаралар олиб борилди, катта ишлар қилинди. Шартномалар имзоланмагунча биз тафсилотларни ошкор қилмадик. Лекин бугун мен бу масалани Жогорку Кенеш қўмитасида ёпиқ режимда эмас, очиқ кўриб чиқишни топширдим. Ишонаманки, халқ ҳамма нарсани ўз кўзи билан кўрса, бизни олқишлайди”, — деди Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги 1400 километрлик чегара бўйича келишувга эришилган ва Ўзбекистон билан “чегара муаммоларига абадий чек қўйиш” режалаштирилган.

Садир Жапаров “Давлат ва кўпчилик халқ тақдирини фақат Ўзганга боғлаб қўймаслик керак”, деб ҳам таъкидлади.

4 октябрь куни президент Садир Жапаров Ўш вилоятининг Ўзган тумани аҳолиси билан учрашувлар ўтказди – сентябрь ойи охирида бу ерда ўтказилган акцияларда маҳаллий аҳоли Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишидан хавотир билдирибди.

Йиғилишда иштирок этган Жўқорғу Кенеш депутатлари йиғилишда айнан нималар айтилганини Озодликка айтиб берди. Жанарбек Акаевнинг айтишича, президентнинг сўзларига кўра, “бир метр ҳам бошқа тарафга ўтмаган”. Адахон Мадумаров эса Озодликка: “Кампиробод сув омбори Ўзбекистон юрисдикциясига ўтди”, деди.

Сентябрь ойи охирида Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукумати делегациялари Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича протокол имзолагани хабар қилинган эди, бу эса шартноманинг айрим бандлари бўйича янги келишув лойиҳасини келишиш жараёнини бошлаш имконини беради. Шундан сўнг, жамоатчилик Кампиробод сув омборининг Ўзбекистонга ўтказилишидан хавотир билдира бошлади.

XS
SM
MD
LG