Ссылки доступа

Тожикистон фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди


Тожикистоннинг Киевдаги элчихонаси ватандошларга Украина ҳудудини тарк этишни тавсия қилди.

“Ҳали ҳам Украина ҳудудида бўлганлар учун ҳарбий ҳолат талабларига ва маҳаллий ҳокимият органларининг шахсий хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрсатмаларига қатъий риоя қилишингизни ва имкон қадар Украина ҳудудини тарк этишингизни тавсия қиламиз”, - дейди Тожикистоннинг Киевдаги элчиси Давлатали Назризода.

Элчихона Украинага келишни режалаштираётган Тожикистон фуқароларига мамлакатдаги вазият нормаллашгунга қадар саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилади.

11 октябрь куни Тожикистоннинг Украинадаги элчихонаси ҳам “ҳозирда Украина ҳудудида бўлган Тожикистон Республикаси фуқароларининг умумий сонини аниқлаш мақсадида” ватандошлар рўйхатини тузиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди. Дипломатлар тожикистонликлардан ўзлари ҳақидаги маълумотларни ҳамда алоқа рақамини юборишни сўрамоқда. Ҳозирда дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, Украинада Тожикистоннинг 2 мингга яқин фуқароси бор.

Россия истилоси бошланганидан бери 1,6 мингдан ортиқ Тожикистон фуқаролари Украинадан Полша ва Молдовага кўчиб ўтган. Расмий маълумотларга кўра, уруш бошланишига қадар Тожикистоннинг 4 мингга яқин фуқароси Украинада яшаб, ўқиган ва ишлаган.

Тожикистон дипломатик миссиясининг Украинани тарк этиш бўйича тавсиялари душанба куни эрталаб Россия ҳарбийлари Украинанинг йирик шаҳарлари ва деярли барча вилоят марказларига камида юзта ракета ва учувчисиз ҳаво зарбалари берганидан бир кун ўтиб берилган. Портлашлар Киев, Запороже, Днепр, Лвов, Житомир, Харкив, Николаев, Одесса, Полтавада қайд этилган. Украина Қуролли кучлари Бош штаби Украина ҳудудига зарбалар Каспий денгизи ва Нижний Новгород акваторияларидан берилганини маълум қилди.

Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати маълумотларига кўра, 11 октябрь эрталабки ҳолатига кўра, Россиянинг кечаги зарбалари натижасида 19 киши ҳалок бўлган, яна 105 киши жароҳатланган. Украинанинг 300 та аҳоли пунктида ҳалигача электр энергияси йўқ. 3500 дан ортиқ аҳоли пунктларида электр таъминоти тикланди.

XS
SM
MD
LG