Ссылки доступа

Тожикистон аҳолиси электр энергияси узилишидан шикоят қилмоқда


Куз келиши билан Тожикистон вилоятларида аҳолидан яна электр таъминотидаги узилишлар ҳақида шикоятлар кела бошлади.

Одамлар ҳокимиятнинг электр энергиясини ўз вақтида тўлашни талаб қилаётгани, бироқ огоҳлантирмасдан кечаю кундуз «чироқ»ни ўчириши мумкинлигидан шикоят қилмоқда.

“Эрталаб саккиздан кечки олтигача «ток»сиз ўтирамиз. Лекин нима учун ўчирилганини ҳеч ким тушунтирмайди. Ташқарида аллақачон совуқ, уйда болаларимиз бор. Кўмир нархи ҳам тинимсиз ошиб бормоқда, - дейди Ваҳдат шаҳридаги Жангалобод маҳалласида яшовчи Ражаб Саидов.

Ҳудудий тарқатиш марказининг тақсимлаш тармоғи хизмати раҳбари Хуршед Умаров айрим маҳаллаларда электр таъминотида узилишлар юз берганини тасдиқлади, бироқ буни “подстанцияларни таъмирлаш, дарахтларни кесиш ва қиш мавсумига тайёргарлик кўрилаётгани” билан изоҳлади. Худди шундай далиллар бир неча йиллардан бери “Барки Тожик” энергетика холдинги вакиллари томонидан илгари сурилиб келинмоқда.

Бироқ аҳоли ва айрим иқтисодий кузатувчилар бундай тушунтиришларни ҳақиқатдан йироқ деб, уларнинг яшаш жойида таъмирлаш ишлари олиб борилмаётганини айтишмоқда. 11 октябрь куни Ваҳдат шаҳрининг Жангалобод маҳалласи ва пойтахтга туташ бошқа ҳудудларда электр подстанцияларида таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти.

Бу йил электр таъминотида узилишлар сентябрь ойининг охирида бошланган. Ҳисорнинг Чангоб қишлоғида яшовчи Ҳабибулло Мухиддиновнинг 11 октябрь куни айтишича, бу йил чекловлар бир неча йил аввалгидан ҳам эрта бошланган.

Истеъмолчи ва “Барки тожик” ўртасидаги шартномада бу ҳақда истеъмолчини олдиндан хабардор қилиш кераклиги кўрсатилган бўлсада, аҳоли хонадонларида электр энергияси узилиши ҳеч қандай тушунтириш ва огоҳлантиришсиз содир бўлмоқда. Адвокатлар давлат энергетика холдинги вакилларининг ҳаракатларини "истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши" деб ҳисоблашади.

Электр таъминотидаги узилишлар нафақат Душанбе аҳолисини, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудларини ҳам хавотирга солган. Хатлон вилоятининг Шамсиддин Шоҳин ва Кушониён туманлари аҳолисининг Озоди радиоси журналистларига кундузи электр энергияси йўқлигини айтишди. Сўғд вилоятида ҳам худди шундай ҳолат.

Тожикистон жанубидаги тақсимлаш тармоғи ходимининг исми сир қолиш шарти билан айтишича, уларга “Барки тожик” томонидан сув захирасини тўплаш учун декабргача вақти-вақти билан электр энергиясини ўчириб қўйиш кўрсатмаси берилган.

Расмийларнинг доимий танқидларидан бири Тожикистон аҳолиси «нурсиз» ўтирган кунларда Афғонистон ва бошқа қўшни давлатларга электр энергиясини сотиш давом этаётгани.

Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш Тожикистон ҳукуматининг асосий муаммоларидан бири саналади, бир қатор ГЭСлар қурилишига қарамай, муаммо ҳалигача ҳал этилмаган. Охирги марта, жорий йилнинг январь ойида расмийлар мамлакатнинг қишлоқ жойларида энергия чегараси жорий этилганини расман эълон қилган ва бу чекловлар май ойига қадар давом этган.

XS
SM
MD
LG