Ссылки доступа

Январь воқеаларини ёритган журналист Думан Мухаметкарим 15 кунга ҳибсга олинди


Олмаота вилоятининг Конаев шаҳридаги ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди қозоғистонлик журналист, Youtubeдаги “Не дейді” канали муаллифи Думан Мухаметкаримни 15 суткага ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди.

12 октябрь куни суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 488-моддаси – “Тинч йиғилишлар ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Қозоғистон қонунчилигини бузиш” бўйича айблаб, ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарди.

“Улар [полиция] буни чақириув, деб аташди. Аммо бу модда (488-таҳр.) диспозициясида «чақирмоқ» деган тушунча йўқ. “Қонуннинг белгиланган талабларига зид равишда митингни ташкил этиш ва тайёрлаш”, деган ибора бор. Бу бирламчи ҳаракатларни ташкил этиш ва амалга ошириш: иштирок этадиган фаоллар рўйхатини шакллантириш, молиялаштириш ва ҳоказо. Думан шунчаки митинг бўлиши кераклигини айтди. Бу шунчаки таклиф ва бу амалга ошмайди. Яъни, режалар учун уни қамашди, - деди Думаннинг адвокати Ғалим Нурпеисов.

Унинг қўшимча қилишича, улар суд қароридан нороизи ва бу қарор устидан шикоят қилиш ниятидалар.

12 октябрь куни тушдан кейин Думан Мухаметкарим ижтимоий тармоқларда унинг уйига полиция келган видеони жойлаштирди. Журналист уни милиция бўлимига олиб кетмоқчи бўлганликларини айтиб, қонунни бузмаганини қайд этди. У 25 октябрь куни навбатдан ташқари президентлик сайловларига қарши митингга чиқиш режалари ҳақида аввалроқ айтгани учун полиция уни олиб келган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Кўп ўтмай, Мухаметкарим унга чақирув қоғози олиб келинганини маълум қилди, бироқ унинг сўзларига кўра, у қандай ва қай ҳолатда милицияга чақирилгани кўрсатилмаган. Шундан сўнг у адвокати билан Олмаота вилояти Или тумани милиция бўлимига бориб, у ерга соат 15:30 атрофида кириб, 20:20 атрофида чиқиб кетишган. Суд полиция биносида бўлиб ўтди.

“Не дейді” YouTube канали муаллифи, журналист Думан Мухаметкарим январь воқеалари, шунингдек, ушбу воқеалардан кейин ҳибсга олинганларнинг суд жараёнларини фаол ёритиб борди.

XS
SM
MD
LG