Ссылки доступа

Uzcard қайтадан хусусийлаштирилди – улушлар тўрт киши орасида тақсимланди


Ўзбекистон Ягона республика процессинг маркази (Uzcard бренди) хусусийлаштирилди.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрида акс этган маълумотга мувофиқ, марказ улушлари Камрон Акбаров, Тимур Озодов, Обид Ағзамхўжаев ва Мансур Усмонов ўртасида тенг (25 фоиздан) тақсимланган. Шу тариқа ЯРПМ яна хусусий ширкатга айланган.

Ягона республика процессинг маркази аввал ҳам хусусий компания бўлган ва унинг 75 фоиз акциясига президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов эгалик қилган. 2020 йил августида О. Турсунов ширкат муассислари рўйхатидан чиқарилгани ҳақида хабар пайдо бўлган.

Ўшандан кейин Uzcard акцияларининг 51 фоизига Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки эга бўлган, “Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асакабанк”, “Ипотека-банк” ва “Алоқабанк”ка 6 фоиздан акция теккан, қолган 25 фоиз акция эса Мансур Усмонов, Камрон Акбаров, Тимур Озодов ва Обид Ағзамхўжаевлар (6,25 фоиздан) тасарруфида бўлган.

2022 йил март ойида банкларга тегишли бўлган 75 фоиз акция давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш дастури доирасида Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган.

“Газета.уз” нашри хабарига кўра, шундан сўнг тендер комиссияси Uzcard`даги 75 фоизлик давлат улушини мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда баҳолаш йўли билан сотишга қарор қилган ва август ойи охирида хусусийлаштириш жараёни бошланганини эълон қилган.

“Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонунга кўра, компаниянинг бошқа эгалари давлат акцияларининг 75 фоизини имтиёзли равишда сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин, дея эслатган нашр.

Шу тариқа акциялар ширкатда жами 25 фоизлик улушга эга бўлган тўрт кишига ўтган.

XS
SM
MD
LG