Ссылки доступа

Қирғизистонда кўмир экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилади


17 октябрдан Қирғизистон кўмир экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилмоқчи. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, кўмир тақчиллиги юзага келмаслиги ва унга талаб юқори бўлгани учун шундай қарор қабул қилинган. Шу билан бирга, амалдорнинг қайд этишича, айни пайтда республикада бу турдаги ёқилғи тақчиллиги йўқ.

Иброев, шунингдек, бошқарма иссиқлик электр станциялари учун кўмир сотиб олиш бўйича тендер ўтказишга улгурмаётганини айтди. Шу муносабат билан “Электр станциялари” ОАЖ номи ошкор этилмаган Қозоғистон компаниясидан 400 минг тонна кўмир сотиб олиш бўйича шартнома тузди.

“Ҳозирги кунга қадар 242 минг тонна кўмир йиғиб олинган бўлса, ўтган йили бу вақтда кўмир ҳажми 251 минг тоннани ташкил этди. Кўмир етказиб беришда бироз кечикиш кузатилмоқда, бироқ шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда Бишкек ИЭС бу йил когенерация режимида 55 МВт юк кўтармоқда, ўтган йили эса бу вақтда мос равишда 380 МВт юк кўтарилган. Биз таҳлил ўтказдик, натижада Қирғизистон бўйлаб узлуксиз электр энергиясини таъминлаш учун қўшимча 400 минг тонна кўмир сотиб олишга қарор қилдик. Ваҳима қилишнинг ҳожати йўқ, янги йилгача кўмир етарли бўлади, шу вақтгача кўмир етиб келади”, — деди у.

Ибраев, шунингдек, Қирғизистондаги барча энергетика объектлари иситиш мавсумига тайёргарликни 1 ноябргача якунлашини даъво қилмоқда.

“Бугунги кунда ишлар 90 фоизга бажарилди, 1 ноябрга қадар ёруғлик ва иссиқлик билан таъминлайдиган барча объектлар 100 фоизга тайёр бўлади”, деб ишонтирди у.

XS
SM
MD
LG