Ссылки доступа

Путиннинг ташрифини танқид қилган Оолмаоталик фуқаро 15 суткага қамалди


Олмаота шаҳрининг ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди 13 октябрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга келишини қоралаган видеони эълон қилганидан сўнг қўлга олинган шаҳар фуқароси Рафиқ Жарилқосимовни 15 суткага ҳибсга олишга қарор қилди.

Sud.kz сайтининг ёзишича, Рафиқ Жарилқосимов Россия президенти Владимир Путиннинг келиши муносабати билан “ноқонуний митинг” ўтказишга чақирган. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 488-моддаси – “Қозоғистоннинг тинч йиғилишлар ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” бўйича айблов қўйилган.

Рафиқ Жарилқосимов 15 суткага ҳибсга олингани ҳақида унинг рафиқаси Вера Жарилқосимова 13 октябрь куни кечқурун ўзининг Facebookдаги саҳифасида хабар берди.

Вера Жарилқосимова Озодликка берган изоҳида 13 октябрь куни бўлиб ўтган суд жараёни “махфий ўтган, мажлис қачон бўлганини ҳеч ким билмаслигини” айтди. Ҳатто унинг адвокати ҳам унда иштирок этмади, шунинг учун Рафиқ "ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлди".

Олмаоталик Рафиқ Жарилқосимов 13 октябрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга ташрифини қоралаган видеони эълон қилгани учун қўлга олинди.

Вера Жарилқосимованинг Озодликка айтишича, 13 октябрь куни соат 12:00 да эр-хотин Оқсой микрорайонидаги тўқимачилик дўконида бўлганида фуқаролик кийимидаги номаълум шахслар келиб, эрини олиб кетган. Жарилқосимованинг сўзларига кўра, ходимлар ҳужжатларни кўрсатмаган ва ҳибсга олиш сабабларини тушунтирмаган. Унинг фикрича, унинг турмуш ўртоғи Россия президенти Владимир Путиннинг Қозоғистонга келиши ҳақидаги фикрини ошкора айтгани учун ҳибсга олинган.

Facebookда эълон қилинган видеода Украина ва Қозоғистон давлат байроқлари фонида бир киши ўзини Қозоғистон фуқароси Рафиқ Жарилқосимов деб таништириб, 15 октябрь куни шаҳарларда “Путин келишига қарши” тинч митинглар ўтказишга чақирмоқда. Бундай митинглардан бири, унинг фикрича, Олмаотадаги марказий майдон яқинидаги чорраҳада ўтказилиши керак. Видеодаги эркак, шунингдек, бундай митинг ўтказишга рухсат беришни сўраб, аввалроқ маҳаллий ҳокимиятга муваффақиятсиз мурожаат қилганини даъво қилади.

XS
SM
MD
LG