Ссылки доступа

Ўзбекистон Ақтаудаги қорақалпоқ жамияти вакили, Қозоғистон фуқаросини қидирувга берди


Тошкент Манғистау вилояти “Аллаяр йўли – Ақтау” қорақалпоқ этник-маданий бирлашмаси раиси Ниятбой Ўразбоевни Ўзбекистон “конституциявий тузумига тажовуз” иши бўйича давлатлараро қидирувга берди.

Бу ҳақда 13 октябрь куни қорақалпоқ диаспораси вакили Оқилбек Муратбай Твиттерда маълум қилди.

Муратбайнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Ўразбоевни қидирув тизимига киритган.

Полиция маълумотномасида айтилишича, Ўразбоевга нисбатан жорий йилнинг 1 сентябрида қидирув иши очилган.

Қозоғистон фуқароси, 53 ёшли Ниятбой Ўразбоев Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилиш ишини июль ойида Ўзбекистон таркибидаги Қорақалпоғистон мухтор республикасида бўлиб ўтган норозилик намойишлари билан боғлайди. Ўразбоев воқеалар пайтида Қозоғистонда бўлганини айтади. «Власт» сайтининг ёзишича, июль воқеалари олдидан у Ўзбекистон Конституциясининг 74-моддаси – Қорақалпоғистоннинг референдум асосида Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқиш ҳуқуқи ҳақидаги моддасини ўзгартиришга қарши чиққан видеомурожаатини намойиш қилган.

Ўразбоев, шунингдек, таъқибдан мақсад қорақалпоқларни бирлаштирган барча ташкилотларни ёпиш эканлигини таъкидлади.

Октябрь-сентябрь ойларида Қозоғистонда доимий яшовчи тўрт қорақалпоқ фаоли Зиуар Мирманбетова, Раиса Худайбергенова, Жангелди Жақсимбетов ва Қўшқарбай Торемуратов ҳибсга олинган. Уларнинг таъқиб қилиниши июль ойи бошида ўз ватанларида бўлиб ўтган оммавий намойишлар билан боғлиқ. Тўрт нафар фаолга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси белгиланди.

Июль ойида Қорақалпоғистонда Тошкент томонидан Ўзбекистон конституциясига ўзгартириш киритиш таклифи юзасидан оммавий норозилик намойишлари бошланган эди. Ўзгартиришлар, жумладан, Қорақалпоғистонни суверен мақомидан ҳамда референдум орқали Ўзбекистондан ажралиб чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этишни ўз ичига олган. Нукусдаги намойишлар ҳокимият томонидан шафқатсизларча бостирилди. Ўзбекистон расмийларининг айтишича, 18 киши ҳалок бўлган, 243 киши яраланган ва 500 киши ҳибсга олинган. Расмийлар ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг исмларини ошкор қилмади. Фаолларнинг даъво қилишича, қурбонлар кўп ва ҳибсга олинган намойишчилар қийноққа солинмоқда.

XS
SM
MD
LG