Ссылки доступа

Яна бир тожик журналисти Абдусаттор Пирмуҳаммадзода устидан маҳкама тергов изоляторида ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди


13 октябрь, пайшанба куни Душанбедаги тергов изоляторида яна бир журналист Абдусаттор Пирмуҳаммадзода устидан суд жараёни бошланди. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ва қариндошлар иштирокисиз ўтмоқда.

Айбланувчининг яқинларидан бирининг Озоди радиосига айтишича, “ҳатто Абдусатторнинг тўнғич ўғли ҳам судга киритилмаган”. Давлат тузилмалари бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаяпти.

“Бизни суд жараёни бошлангани ҳақида адвокат хабардор қилди. Паспортларимизни ўзимиз билан олиб келдик, тергов изоляторига келдик, лекин бизни киритишмади”, деди унинг яқинларидан бири аноним шартларда.

Абдусаттор Пирмуҳаммадзода шу йилнинг июль ойида экстремизмда гумонланиб қўлга олинган эди. У 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қариндошларининг айтишича, у терговчилар босими остида айбланган жиноятларига иқрор бўлган, лекин аслида у ўзини айбдор деб ҳисобламайди.

“Садои Душанбе” радиосининг собиқ мухбири Абдусаттор Пирмуҳаммадзода 2020 йилнинг ноябрь ойида 16 ноябрда нишонланадиган Президент куни муносабати билан ўз видеосини эълон қилганидан сўнг кенг танилди.

Ўтган олти ой ичида Тожикистонда етти нафар блогер ва журналист ҳибсга олинган, улардан икки нафари Муҳаммад Султон ва Абдулло Гурбатий мос равишда 8 ва 7,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Давлат айбловчиси яна бир блоггер ва журналист Далери Имомали учун 10,5 йил қамоқ жазосини талаб қилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатлари Тожикистон ҳукуматига журналистларга нисбатан таъқиб, таҳдид ва босимларни тўхтатишни сўраб бир неча бор мурожаат қилган. Расмийлар бу чақириқларга жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG