Ссылки доступа

Тошкентда тез ёрдам ходимлари яна калтакланди


Тошкентнинг Миробод туманида тез ёрдам ходимлари калтакланганига доир хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 16 октябрь куни соат 18:50 атрофида Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Темир йўлчилар кўчаси, 1/5-уй олдига 30 ёшли номаълум эркак кишида қон кетиш (хушсиз) сабаби билан йўловчи фуқаро томонидан тез тиббий ёрдам хизматига чақирув келиб тушган. Шундан сўнг шифокор М.З. ва фелдшер З.Ж.дан таркиб топган 397-сонли «103» бригадаси чақирув манзилига саноқли дақиқалар ичида етиб борган.

Тез ёрдам ходимлари манзилга келганида, кўчада беморлиги айтилган 22 ёшли фуқаро М.А. ноадекват ҳолатда ён-атрофдаги кишиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. «103» кўчма бригадаси унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганда, муштумзўр фуқаро шифокорларга куч ишлатиб, тез ёрдам машинасига ҳам жиддий зарар етказган.

Воқеа жиддий тус олаётганини кўрган тез тиббий ёрдам ходимлари дарҳол туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келгунига қадар фуқаро М.А. «103» бригадаси ҳайдовчиси И.Ҳ.ни калтаклаб, унга жароҳат етказган.

Оқибатда жиддий тан жароҳати олган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бошқа бригада томонидан олиб борилган. Текширувлар натижасида у бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Шунингдек, кўчма бригада шифокори М.З. шифохонада амбулатор тартибда мутахассислар кўригидан ўтказилиб, унга қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси қўйилган.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Шунингдек, вазирлик ушбу вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўрмоқда», — дейилади вазирлик хабарида

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкентнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган тез ёрдамда ишловчи фелдшер аёл калтакланганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ҳам ўз назоратига олган.

XS
SM
MD
LG