Ссылки доступа

Белгороддаги полигонда ўлдирилган тожикистонликлардан бирининг шахси аниқланди


Озодликнинг тожик хизмати ўз муштарийлари ёрдамида, Россия расмийлари маълумотига кўра, Белгороддаги полигонда урушга сафарбар қилинганларни ўққа тутган, ўзи ҳам ўша ерда отиб ўлдирилган тожикистонликлардан бирининг шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.

Россиялик расмийлар террорчи деб иддао қилаётган бу тожикистонликнинг исми Эҳсон Аминзода бўлиб, 24 ёшли бу йигит Москвадаги ресторанлардан бирида ишлаб келган. Яқинларининг айтишича, Россия фуқароси бўлмаган Аминзода сўнгги марта 10 октябрь куни алоқага чиққан. Ўша пайтда у Москвада бўлиб, қариндошларига урушга кетиш режаси ҳақида гапирган эмас. 15 октябрь куни Белгороддаги полигонда рўй берган отишмада, расмий маълумотларга кўра, ҳужумчилардан ташқари 11 киши ўлдирилгани маълум бўлган.

Эҳсоннинг отаси - Хатлон вилояти маъмурияти ходими бўлган Тоджиддин Аминзода Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда ўғли ўлдирилганини тасдиқлаган. Марҳумнинг акаси – Москвада ишлайдиган Фируз эса Эҳсоннинг 7 ой муқаддам Россияга келиб, Москвадаги ресторанлардан бирида ишлаб юрганини айтган. У Эҳсоннинг полигонга қандай бориб қолганидан бехабар эканини таъкидлаган.

Эҳсоннинг дўстларидан бири шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка унинг Украинадаги урушга бориш нияти бўлмаганини, у Москвада пул топиб, ватанига қайтиб, тўй қилмоқчи бўлганини айтган.

“У радикал эмасди, бошқа йигитлардан ҳеч қаери билан ажралиб турмасди. Агар у исломий радикал бўлганида, ҳеч қачон ресторанда ишламаган бўларди”, деган марҳумнинг дўсти. У ҳам Россия паспортига эга бўлмаган тожикистонликнинг қай йўсинда армияга бориб қолгани ҳақида аниқ бир гап айтолмаган.

Тожикистон расмийлари мамлакат фуқаросининг Белгород вилоятидаги ҳужумга алоқадорлиги ҳодисасини текшираётганларини, бу масала билан Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси шуғулланаётганини билдирганлар.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 октябрь оқшомида Ғарбий ҳарбий округнинг Белгород вилоятидаги полигонида МДҲ давлатларидан бирининг икки нафар фуқароси томонидан террор хуружи амалга оширилгани ҳақида маълумот тарқатган. Вазирлик гумонланувчиларнинг исмларини ҳам, уларнинг қайси давлат фуқароси эканини ҳам очиқлаган эмас. Россиядаги бир қанча нашр можаро сабаби ҳақида турлича талқинларни ёзиб чиқишган, улар орасида диний масаладаги тортишув ҳам бор.

Айрим манбаларга кўра, полигондагиларни ўққа тутганлар уч киши бўлиб, улардан бири воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган, бироқ бу маълумот расман тасдиқланган эмас.

XS
SM
MD
LG