Ссылки доступа

Суд тожикистонлик журналист Далер Имомалини 10 йилга озодликдан маҳрум қилди


Далер Имомали
Далер Имомали

Ўз репортажларида ижтимоий муаммоларни кўтариб, амалдорларнинг камчиликларини кўрсатган тожикистонлик таниқли журналист ва блогер Далер Имомали 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бундан ташқари, суд уни жарима тўлашга мажбур қилди. Журналистга ҳукм 17 октябрь куни кечқурун Душанбедаги тергов изоляторида эълон қилинган, бу маълумотни 18 октябрь куни маҳкумнинг яқинлари тасдиқлашган.

18 октябрь куни Далер Имомалининг адвокати Саъдулло Қаюмзода ҳам «Озоди» радиосига берган интервьюсида ҳимоясидаги шахсга ҳукм эълон қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, бироқ бошқа тафсилотларни айтишдан бош тортди. Далер Имомали яқинларининг хабар беришича, суд унга қамоқ муддатидан ташқари жарима ҳам белгилаган. Жарима миқдори ҳозирча маълум эмас.

Далер Имомали жиноят тўғрисида била туриб ёлғон маълумот бериш, ноқонуний тадбиркорлик ва тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этишда айбдор деб топилди.

Аввалроқ прокурор Далер Имомали учун 10,5 йил қамоқ жазосини талаб қилган эди.

Далер Имомали шу йилнинг 15 июнь куни пойтахтнинг Шоҳмансур тумани прокуратураси томонидан қўлга олинган эди. Тез орада журналист Youtubeдаги нашрлардан олган фойдаси учун солиқ тўламаганликда гумон қилинаётгани маълум бўлди. Душанбе шаҳрининг Шоҳмансур туманидаги юқори лавозимли амалдорлардан бирининг шикоятидан сўнг Далери Имомали жиноят ҳақида била туриб ёлғон маълумот берганликда айбланди. Журналист Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” сиёсий ҳаракати билан ҳамкорликда ҳам айбланган. Бироқ ҳаракат раҳбарияти Далер Имомали ҳеч қачон улар сафида бўлмагани ва улар билан ҳамкорлик қилмаганини таъкидлади.

Ўтган уч ой ичида Тожикистонда етти нафар блогер ва журналист ҳибсга олинган. Пойтахтнинг Шоҳмансур туман суди 4 октябрь куни Далер Имомали ҳақидаги видеоролик ҳаммуаллифи Абдулло Гурбатийни Жиноят кодексининг учта моддаси, жумладан экстремистик жамиятда иштирок этишда айбдор деб топиб, 7,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан ЕХҲТ журналистларнинг ҳибсга олинишини қоралаб, Тожикистон ҳукуматини сўз эркинлиги соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга, журналистларга нисбатан таъқиб, таҳдид ва босимни тўхтатишга чақирди. Душанбе бу чақириқларга ҳеч қандай жавоб бермади.

ОАВ ва фуқаролик жамияти вакиллари Далер Имомали устидан чиқарилган суд ҳукмига муносабат билдиришди. Хусусан, Тожикистон Мустақил оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси раҳбари Нуриддин Қаршибоев шундай деди: “Бу ҳукм мамлакатда ўз-ўзини цензуранинг кучайишига олиб келади ва журналистлар энди жиддий мавзуларни ёритмайдилар. Умуман олганда, журналистика сифати пасаяди”.

XS
SM
MD
LG