Ссылки доступа

Беларусь Россия билан қўшма ҳарбий машқлар ўтказишини эълон қилди


Александр Лукашенко

Беларусь мудофаа вазири Валерий Ревенко мамлакат Россия билан ҳамкорликда ҳарбий машқлар ўтказишини очиқлади. Машқларда яқинда ташкил қилинган Россия-Беларусь қўшинлар гуруҳи иштирок этади.

Беларуснинг шарқий ва марказий қисмларида ўтказилажак машқлар артиллерия ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тактикаларини ўрганиш, шунингдек жанговар отишлар ва бошқариладиган зенит ракеталарини учириш кўникмаларини ҳосил қилишга қаратилган.

Ревенко, шунингдек, Беларусь “ҳужум бўлишига йўл қўймаслик ёки ички қуролли можарони зарарсизлантириш мақсадида” стратегик тийиб туришнинг превентив чораларини қўллаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини айтган.

10 октябрь куни Кремль ва Минск “Иттифоқ давлатининг ғарбий чегараларида кескинлик юзага келгани муносабати билан” Беларусь ҳудудига қўшма қўшинлар гуруҳини жойлаштиришга келишиб олгани ҳақида эълон қилинган эди. Хабарларга кўра, Россиядан Беларусга қарийб 170 та танк, 200 тагача жанговар машина, 100 тагача тўп ва миномёт, шунингдек камида 9 минг нафар ҳарбий хизматчи жўнатилади.

Душанба куни Беларусь мудофаа вазири Виктор Хренин қўшма қўшинлар гуруҳи “Иттифоқ давлатини қурол билан мудофаа қилишга киришган”ини тасдиқлаган.

Беларуснинг авторитар лидери Александр Лукашенко мамлакат армияси Украина ҳудудидаги жангларда иштирок этмаслигини бир неча марта айтган. Бироқ Россия Беларусь транспорт-логистика тизими ва ҳаво ҳудудидан Украинага зарбалар беришда фойдаланиб келмоқда.

Украина махсус хизматлари иддаосича, Владимир Путин Беларусни Украина билан урушга бевосита қўшилишга ундаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG