Ссылки доступа

Ўзбекистондаги 200 минг гектар ер майдонида лазерли текислаш амалга оширилади


Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мажлисда аграр соҳадаги вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мажлисда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш масаласи кўрилган. Фермерларга тупроқнинг таркибини аниқлаш, уруғлик танлаш, экинни суғориш ва зараркунандалардан ҳимоялашда кўмаклашиш кераклиги таъкидланган.

Шу мақсадда 200 минг гектар майдонни лазерли текислаш таклифи маъқулланиб, бунда ҳосилдорлик ошган майдонлар учун субсидия ажратилиши, лазерли текислаш ускунасини сотиб олган фермерлар харажати қоплаб берилиши таъкидланган.

Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ҳудудларда сув ресурсларини самарали бошқариш лойиҳаларини ишга тушириш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, деҳқончилик учун ер ва сув каби энг зарур манбалардан бири, пул маблағлари эканлиги айтилган. Фермер хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, кредит ва субсидия олишни енгиллаштириш зарурлиги қайд этилган.

Яна бир муҳим йўналиш мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш эканлиги таъкидланган. Лекин, ҳозирча бу борадаги кўрсаткич пастлиги маълум қилинган. Боғ ва узумзорларнинг 20 фоизида, сабзавот майдонларининг атиги 7 фоизида интенсив усул жорий қилинган.

Шу боис озиқ-овқат саноатида 2 минг 163 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти қисқариб, экспорт имконияти очилади. 37 мингдан зиёд киши иш билан таъминланиши маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG