Президент матбуот хизмати хабарига кўра, мажлисда иқлим ўзгариши ва жаҳондаги мураккаб вазият сабабли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиши кутилаётгани қайд этилган.
“Қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётганимиз бежиз эмас. Чунки бу – иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди”, деган Ш. Мирзиёев.
Мажлисда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 200 минг гектар майдонни лазерли текислаш таклифи маъқулланган. Бунда ҳосилдорлик ошган майдонлар учун субсидия ажратилиши, лазерли текислаш ускунасини сотиб олган фермерларга харажат қоплаб берилиши уқтирилган.
Қайд этилишича, мамлакатда мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш кўрсаткичи паст даражада қолмоқда. Боғ ва узумзорларнинг – 20, сабзавот майдонларининг атиги 7 фоизида интенсив усул жорий қилинган. Шунга кўра озиқ-овқат саноатида 2000 дан зиёд лойиҳа жорий этиш орқали 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортини қисқариш ва экспорт имкониятини кенгайтириш таклиф қилинган.
Йиғилишда хорижий компаниялар билан ҳамкорликда сув ресурсларини самарали бошқариш лойиҳаларини ишга тушириш, фермер хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, кредит ва субсидия олишни енгиллаштириш, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш каби вазифалар ҳам топширилган.
Ўзбекистонда 2023 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида 600 мингта иш ўрни яратилиши ҳамда экспорт ҳажми 2 миллиард долларга етказилиши лозим. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 18 октябрь куни ўтказилган аграр соҳага доир йиғилишда шундай топшириқ берилган.