Ушбу ташаббусни қабул қилиш учун 63 депутат овоз берди, 3 нафари қарши овоз берди. Бунгача мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси ёпиқ эшиклар ортида ўтган эди.
Қонун лойиҳасига кўра, тўртта қонунга – “Қирғизистон Республикасида сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида”, “Қирғизистон Республикаси фуқароларининг умумий ҳарбий бурчи, ҳарбий ва муқобил хизмат тўғрисида”, “Қурол тўғрисида”ги ва “Қирғизистон Республикасида сафарбарлик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси чегара ҳудудлари аҳолиси учун ихтиёрий сафарбарлик ва қурол-яроғ бериш имконини беради.
2021 йилнинг май ойида Жогорку Кенешнинг бир гуруҳ депутатлари ҳам шундай ташаббус билан чиқди ва бундай ўзгаришлар мамлакат ҳудудий яхлитлигига тажовузнинг олдини олиш ва чегараларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблаган эди. Ушбу қонун лойиҳаси 2021 йил апрель ойида Қирғизистон-Тожикистон чегарасида 36 нафар Қирғизистон ва 19 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган навбатдаги можародан кейин ишлаб чиқилган. Аммо қоида қабул қилинмади.
14—17 сентябрь кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида кенг кўламли қуролли тўқнашув содир бўлди. Тўқнашувлар натижасида 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ киши жароҳатланди. Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг 130 мингдан ортиқ аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. 18 сентябрь куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида Тожикистонни қуролли босқинчилик ҳаракатида айблади. Тожикистон томонидан Қирғизистонга нисбатан ҳам худди шундай айбловлар қўйилмоқда.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можарода 41 киши қурбон бўлгани ҳақида хабар берди. «Озоди» радиоси ўз манбалари маълумотларига таянган ҳолда 81 нафар ҳалок бўлган тожикистонликларнинг рўйхатини эълон қилди ва Тожикистон билан чегарадош қишлоқлар, дўконлар ва уйлардаги қурбонлар ҳақида ёзди. Тожик томондан жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.