Ссылки доступа

Ашхободда «Тошкент» боғи очилишига тайёргарлик кўрилмоқда


Туркманистон пойтахти Ашхободда 17 октябрдан буён «Тошкент» боғи очилишига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, ҳатто боғ атрофидаги кўчалар ёпиб қўйилмоқда, деб хабар беради «Хроника Туркменистана».

«Тошкент» боғи Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга ташрифи чоғида тантанали равишда очилиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 20—21 октябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Хабарда айтилишича, «Тошкент» боғи июнь ойидаёқ очилишга тайёр бўлган. У Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таваллуд топган куни (29 июнь) очилиши режалаштирилган, Шавкат Мирзиёев уни табриклаш учун Ашхободга келиши кутилган эди.

Бироқ Ўзбекистон президенти телефон орқали қутлов йўллаган, боғнинг очилиши эса кейинги ташрифга қолдирилган.

Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 17 февраль куни Туркманистонга ташрифи чоғида унга Ашхобод шаҳрида Тошкент боғи қурилиши ҳақида маълум қилганди.

2021 йилнинг 17 март куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ашхободда бўлди ва Ашхобод ҳокими билан учрашувда «Тошкент боғи»нинг дастлабки лойиҳаси билан танишди.

2017 йил октябрь ойида Тошкентда Ашхобод боғи очилган эди, унда фаввора, саккиз қиррали юлдуз кўринишидаги гулзорлар, шунингдек, архитектураси Ашхободдаги халқаро аэропортга тақлид қилувчи амфитеатр барпо қилинган.

XS
SM
MD
LG